Исломобод шаҳрида Покистоннинг етакчи дорихоналар тармоғи билан фармацевтика ва маданий йўналишда 2025 йилдаги ҳамкорлик режалари келишилди
Декабрь 29, 2024. 10:28 • 2 дақ
• 113
ИСЛОМОБОД, 29 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев кеча Покистоннинг йирик дорихона тармоқларидан бири – "D.Watson Group" компанияси раҳбари, "Покистон маданий форуми" нодавлат-нотижорат ташкилоти раиси Зафар Бахтавари билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашув чоғида фармацевтика соҳасида ҳамкорлик қилиш, қўшма лойиҳалар, жумладан тижорат фаолиятини йўлга қўйиш, маданий-гуманитар йўналишда тадбирлар ташкиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Истеъмолчиларга арзон дори маҳсулотларини етказиб бериш чоралари, жумладан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини кўпайтириш ва ички бозор эҳтиёжларини маҳаллий фармацевтика воситалари ҳисобига қондириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Зафар Бахтавари фармацевтика соҳасида ҳамкорлик ҳамда икки мамлакат аҳолисини сифатли ва арзон дори-дармонлар билан таъминлаш чораси сифатида мамлакатларимиз соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан дориларни рўйхатдан ўтказиш ва сертификациясини ўзаро тан олиш ташаббусини илгари сурди.
Фармацевтика соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш, хорижий тадбиркорларга яратилган шароитлар билан жойида танишиш мақсадида 2025 йил февраль ойида "D.Watson Group" компанияси делегациясининг мамлакатимизга ташрифини ташкиллаштиришга келишилди.
"Покистон маданий форуми" раиси Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда маданий алоқаларнинг ўрни муҳимлигини таъкидлади.
Суҳбатдош ўзбек халқидан етишиб чиққан мутафаккир олимлар, буюк саркардалар, уларнинг меросидан яхши хабардорлигини маълум қилди.
"Биз Муҳаммад Али Жиннани замонавий Покистонни яратган миллат отаси сифатида улуғлаймиз. Шу билан бирга Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ҳам Покистонда давлатчилик пойдеворини қўйган сиёсий меъмор дея эътироф этамиз", - дея қўшимча қилди у.
Мулоқот якунида томонларнинг 2025 йилги тадбирлар режасига Маданий алмашинувлар йўналишида яқиндан ҳамкорлик қилиш, хусусан, талабалар учун алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, З.М.Бобур ҳаёти ва давлатчилик фаолиятига бағишланган қўшма тадбирларни ташкил этиш бўйича бандлар ҳам киритилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди