Logo

Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Август 30, 2025. 15:10 • 2 дақ

147
Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 30 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон дин ишлари ва конфессиялараро тотувлик вазири Сардар Муҳаммад Юсаф билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида икки мамлакатда диний соҳада давлат сиёсатини амалга оширувчи ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, диний таълим муассасалари ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш, ёшларнинг экстремистик ғоялар таъсирига тушишининг олдини олиш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.


Мамлакатимиз элчиси Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, эътиқод ва виждон эркинлиги, диндорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича яратилган тизим ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Мир Араб олий мадрасаси ҳамда Ҳадис илми мактаби каби муассасаларнинг фаолиятига тўхталиб ўтилди.


Вазир Сардар Муҳаммад Юсаф Ўзбекистон ва Покистонни азалий дўстлик ришталари, умумий тарих ва муштарак қадриятлар бирлаштиришини таъкидлади. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси марказларидан бири сифатида илм-фан ва маърифат ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этди ҳамда покистонликлар учун Бобурийлар сулоласи юрти сифатида алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.


Томонлар диний-маърифий соҳада ваколатли ташкилотлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, диний таълим муассасалари ўртасида академик ҳамкорлик ҳақида меморандум имзолаш ва қўшма тадқиқотлар олиб бориш, олимлар иштирокида илмий конференциялар, семинарлар ва малака ошириш курсларини ташкил этиш, турли соҳалар бўйича фатво чиқариш тажрибасини ўрганиш, покистонлик зиёратчилар учун "Умра Плюс" дастури доирасида Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга зиёратларни йўлга қўйиш йўналишларида ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқдилар.


Суҳбат якунида нуфузли покистонлик уламолар делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкилга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш