Лондонда Ўзбекистон ва Британия ўртасида мактаблараро қўшма дастурларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

Январ 30, 2025. 06:32 • 2 дақ

183
Лондонда Ўзбекистон ва Британия ўртасида мактаблараро қўшма дастурларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

ЛОНДОН, 30 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Британиянинг "Haven High Academy" давлат таълим муассасаси ижрочи директори Остин Шеппард билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида мактаб ижрочи директори Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратиб берилаётган шароитларни юқори баҳолади.

Остин Шеппард "Haven High Academy" таълим муассасаси ҳозирги кунда Ўзбекистон томони билан биргаликда мактаблараро алмашинув дастурини ишлаб чиқаётганини билдирди.

Шунингдек ўқинг

Дастур томонларнинг келишувига кўра, бир ҳафталик, ўн кунлик ёки икки ҳафталик муддатларда ташкил этилади. Лойиҳа таълим жараёнлари билан бирга қабул қилувчи мамлакатнинг маданий ва тарихий ёдгорликлари бўйлаб қисқа саёҳатларни қамраб олади. Дастлабки босқичда 5-15 нафар, кейинги даврда 20-30 нафар ўқувчиларнинг иштироки назарда тутилган.

"Мазкур дастур ўқувчилар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларга Ўзбекистоннинг бой тарихи ва меъморчилиги билан яқиндан танишиш учун ажойиб имконият яратади. Шунингдек, ўзбекистонлик ўқувчиларга Буюк Британиянинг қизиқарли жойларига саёҳат қилиш имконини тақдим этади", - деди Остин Шеппард.

"Haven High Academy" таълим муассасаси давлатга қарашли муассаса бўлиб, Англиянинг Линкольншир графлигидаги Бостон шаҳарчасида жойлашган. Таълим муассасасида 1459 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Ўқувчиларнинг аксарияти инглиз ва рус тилларида мукаммал сўзлашади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш