Logo

Ўзбекистон Шри-Ланка билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилмоқда

Июль 27, 2025. 08:16 • 2 дақ

597
Ўзбекистон Шри-Ланка билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилмоқда

КОЛОМБО, 27 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги элчиси (қароргоҳи Исломобод шаҳрида жойлашган) Алишер Тўхтаев Коломбо шаҳрида ушбу мамлакат савдо, тижорат, озиқ-овқат хавфсизлиги ва кооператив ривожланиш вазири Васанта Самарасингҳе билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни жадал ривожлантириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кескин ошириш масалаларини муҳокама қилинди.

Вазир Васанта Самарасингҳе глобал иқтисодиётда юзага келган жорий ҳолат кўплаб мамлакатлардан ташқи савдо сиёсатини қайта йўналтириш, янги бозорларни излаш, истиқболли ҳамкорлар билан муносабатларни ўрнатиш заруратини кун тартибига олиб чиққанини таъкидлаб, Шри-Ланканинг Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

– Ўзбекистонни иқтисодий дипломатия йўналишида ишончли ва истиқболли ҳамкор деб биламиз, – деди у. – Икки мамлакат ҳукуматлари, мутасадди вазирликлари ва идоралари, бизнес доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни фаоллаштириш муҳим.

2024 йил якунига кўра икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми атиги 6 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич Ўзбекистон ва Шри-Ланканинг мавжуд салоҳиятга мутлақо мос келмаслиги таъкидланди. Товар айирбошлаш ҳажмини кескин ошириш ва маҳсулотларни номенклатурасини диверсификация қилиш борасида қўшма чоралар кўриш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш механизмлари, жумладан бизнес-форумлар ўтказиш, делегацияларнинг ўзаро сафарларини ташкил этиш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қўшма ишчи гуруҳ ва ҳукуматлараро комиссия тузиш бўйича ташаббус ва таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, логистика, туризм, таълим, инвестициялар ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шри-Ланка томони барқарор қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва кооперацияни ривожлантириш борасида ўзаро тажриба алмашиш, бу борада техник маслаҳатлашувлар, ўқув дастурлари ва мутахассислар ташрифларини йўлга қўйиш томонлар учун манфаатли бўлишини қайд этди.

Бундан ташқари, хорижий томон Ўзбекистон маҳсулотларини дунё бозорига чиқаришда ўз портларидан фойдаланишни таклиф этиб, бу борада барча қулайликларни яратиб беришга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш ва амалий "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш мақсадида мутасадди идоралар ўртасида онлайн учрашув ўтказишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш