Logo

Ўзбекистон элчиси Покистон Давлат банки раиси билан икки томонлама савдони рағбатлантириш масалаларини муҳокама қилди

Январ 05, 2025. 07:38 • 51 сония

236
Ўзбекистон элчиси Покистон Давлат банки раиси билан икки томонлама савдони рағбатлантириш масалаларини муҳокама қилди

КАРАЧИ, 5 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Давлат банки раиси Жамил Аҳмад билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда Дунё АА мухбири.

Учрашув доирасида икки томонлама савдони рағбатлантириш мақсадида банклараро тўловларни такомиллаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистоннинг айрим тижорат банклари ўртасида корреспондентлик алоқалари ўрнатилганига қарамасдан тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу турдаги банк хизматларидан кенг фойдаланилмаётгани таъкидланиб, мазкур масала юзасидан тадқиқот ишлари ўтказилиши зарурлиги таъкидланди.

Жамил Аҳмад Покистонда хорижий банклар ва давлатлар билан тўловлар эркин амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этди. Мамлакат ҳудудида фаолиятини йўлга қўйишни истаган ўзбек банкларига, дастлаб, ўз ваколатхонасини ташкил этишни, сўнгра, уни филиалга айлантиришни тавсия қилди.

Суҳбат чоғида, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан ўрнатилган бартер тизими ва унинг ишлаш тамойиллари тўғрисида маълумот тақдим этилди.

Учрашув якунида икки мамлакат ўртасидаги банклараро тўловларни такомиллаштириш ва замонавий банк хизматларини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистоннинг Марказий ва тижорат банклари вакилларидан иборат делегацияси Покистонга таклиф этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш