Logo

Ўзбекистонда Малайзия томони билан биргаликда яримўтказгичлар соҳасида қўшма корхона ташкил этилади

Февраль 26, 2025. 10:47 • 2 дақ

386
Ўзбекистонда Малайзия томони билан биргаликда яримўтказгичлар соҳасида қўшма корхона ташкил этилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 3 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Яримўтказгичлар, микроэлектроника ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалий тадқиқотлар миллий маркази ("MIMOS Berhad") бош ижрочи директори Саат Шукри Эмбонг билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон шароитида яримўтказгичларни йиғиш ва синовдан ўтказиш аутсорсинги қувватларини яратиш, ўқув дастурлар, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларни ўз ичига олган Ўзбекистон-Малайзия микроэлектроника технопаркини ҳамкорликда барпо этиш истиқболлари бўйича фикр алмашилди.

Саат Шукрининг айтишича, яримўтказгичлар соҳасини ривожлантиришда малакали мутахассисларни тайёрлаш энг муҳим қадамлардан биридир. У, шунингдек, Ўзбекистондаги ёш иқтидор соҳиблари салоҳиятини юқори баҳолади. Иқтидорли ўзбек ёшларини "MIMOS Berhad" базасида мавжуд инфратузилмадан фойдаланган ҳолда тайёрлаш ва иккала мамлакат мутахассислари иштирокида яримўтказгичларни лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил эти масаласи ёрқин истиқболга эгалиги таъкидланди.

Малайзия томони билан яримўтказгичлар соҳасида малакали мутахассисларини ўқитиш ва тайёрлаш бўйича "MIMOS Berhad" ва "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ўртасида қўшма корхона ва Ўзбекистонда махсус академия ташкил этишга келишиб олинди.

Учрашув якунида марказ раҳбари мазкур ҳамкорликни амалга ошириш имкониятларини батафсил ўрганиш учун ўз мутахассисларидан иборат гуруҳни Ўзбекистонга юборишини билдирди.

"MIMOS Berhad" 1984 йилда Малайзия микроэлектроника тизимлар институти номи остида ташкил этилган. Кейинчалик Малайзия Фан, технология ва инновациялар вазирлиги қошига ўтказилган.

Ташкилот Малайзиянинг ижтимоий-иқтисодий ўсишига ҳисса қўшадиган инновацион ишланмаларни яратиш, яримўтказгичлар соҳасида тадқиқотларни ўтказиш, илғор микроэлектроникаларни ишлаб чиқариш ва ҳаётга тадбиқ этиш билан шуғулланади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш