Ўзбекистон Покистон билан ахборот технологиялари ва телекоммуникация соҳаларида ўзаро алоқаларни жадаллаштиради
Сентябрь 06, 2024. 12:36 • 2 дақ
• 397
ИСЛОМОБОД, 6 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Усманов Покистон ахборот технологиялари ва телекоммуникация давлат вазири Шаза Фатима Хаважа билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ахборот технологиялари ва телекоммуникация соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Покистон томонига мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, электрон ҳукумат лойиҳалари натижасида аҳолининг барча қатламлари ва тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган қўшимча қулайликлар, жумладан кўп сонли IT-парклар фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Мамлакатимизда рақамли хизматлар бозори жадал суратларда ривожланаётгани, соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, қурилиш, банк, солиқ, божхона, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш каби соҳаларда юқори технологик ва инновацион ечимлар қўлланаётгани таъкидланди.
Бундан ташқари, сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, жумладан "MyID", "UzFace" масофавий биометрик идентификациялаш тизимлари банклар, электрон тижорат платформалари ва тўлов тизимлари фаолиятида муваффақиятли фойдаланилаётгани, "Ўзбеккосмос" агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ечимлар қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳаларга жорий этилгани қайд этилди.
Покистон томони ахборот технологиялари, давлат хизматларини рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш соҳасида Ўзбекистон эришаётган ютуқларни юқори баҳолашини билдириб, бу борада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди.
"Покистон ва Ўзбекистон вазирликлари ўртасида ҳамкорликнинг истиқболли ва ўзаро манфаатли йўналишларини белгилаб олиш, келгусида биргаликда ишлаш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда тегишли "йўл харитасини" ишлаб чиқишни таклиф қиламан", деди давлат вазири Шаза Фатима Хаважа хоним.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси