Logo

Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим муассасалари ўртасида иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади

Март 01, 2025. 07:50 • 2 дақ

112
Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим муассасалари ўртасида иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 1 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Иқлим ўзгариши институти директори Зайни Закави билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Институт жамоасига республикада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил" иқтисодиётга ўтиш борасида олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳамда Ўзбекистон Президентининг БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (COP-28) илгари сурган ташаббуслари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мамлакатимизда ушбу соҳада инсон капиталини ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани таъкидланиб, Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ("Яшил университет") фаолияти ҳақида тўхталиб ўтилди.

Малайзия Иқлим ўзгариши институти Тошкентдаги "Яшил университет", Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Бухоро ва Самарқанд давлат университетлари билан қўшма тадқиқот, малака ошириш, илғор тажриба алмашиш каби йўналишларда ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди.

Зайни Закави ҳозирги кунда институт таркибида Ерни кузатиш маркази, Космик фанлар маркази, Тропик иқлим ўзгариши маркази ва Атроф-муҳит бошқаруви маркази фаолият юритишини маълум қилди. Малайзияда иқлим ўзгариши мавзусидаги тадқиқот ва статистик маълумотлардан кенг омма фойдаланиши учун институт томонидан махсус веб-портал юритилишини таъкидлади.

Муҳокамаларда иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергетика каби мавзуларда қўшма тадқиқотлар олиб бориш, соҳада инновация ва технологиялар трансферини амалга ошириш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича семинар ва тренинглар ўтказиш, докторант ва магистрларнинг Малайзияда амалиётини ташкил қилиш бўйича режалар белгилаб олинди.

Малайзия Иқлим ўзгариши институти директорининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш ва унинг 2025 йил апрель ойида "Марказий Осиё глобал иқлим муаммолари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида бирлашиш" мавзусидаги Самарқанд халқаро конференциясида иштирок этиши бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш