Logo

Исломободда Ўзбекистон ва КОМСАТС ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Август 25, 2025. 09:38 • 2 дақ

52
Исломободда Ўзбекистон ва КОМСАТС ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 25 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Жанубда барқарор ривожланиш учун фан ва технологиялар бўйича комиссия (КОМСАТС) котибияти ижрочи директори Моҳаммад Нафис Закария билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида КОМСАТС платформаси орқали илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш, илғор технологиялар трансфери, глобал миқёсдаги долзарб муаммолар, иқтисодиётга замонавий ёндашувлар ҳамда ечимларни татбиқ этиш каби йўналишларда қўшма тадқиқотларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Моҳаммад Закария КОМСАТС фаолияти, жумладан, ташкилотнинг 25 та илмий-тадқиқот марказ ва университетларни ўз ичига олган Илғор тажриба марказлари тармоғи, Исломободдаги Иқлим ва барқарорлик маркази ҳамда Нанотехнологиялар лабораторияси, Хитойнинг Тяньцзинь шаҳридаги Саноат биотехнологиялари қўшма маркази ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон элчиси ўз навбатида, мамлакатда илм-фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар ҳақида сўзлаб берди.

Томонлар КОМСАТС университети ва илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва тадқиқот институтлар ўртасида алоқаларни чуқурлаштириш, ҳамкорлик лойиҳаларни амалга ошириш, магистратура ва докторантура босқичларида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, малака ошириш учун грантлар ажратиш, қисқа муддатли онлайн курсларни ташкил этиш борасидаги томонларнинг таклифлари кўриб чиқдилар.

Ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилиш, мамлакатимизнинг мутасадди вазирлик ва идоралари билан истиқболли лойиҳаларни мувофиқлаштириш учун КОМСАТС делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш