Лондонда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди
Ноябрь 14, 2025. 14:24 • 2 дақ
• 224
ЛОНДОН, 16 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида Буюк Британия Бизнес ва савдо вазирлигининг Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дэвид Шеппард билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида Дэвид Шеппард Янги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни юқори баҳолаб, фармацевтика соҳасини тартибга солишни такомиллаштириш ва замонавий кўп тармоқли тиббиёт муассасаларини барпо этиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, у Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш йўналишларидаги ислоҳотларга Буюк Британиядаги энг нуфузли компаниялар, университетлар ва ихтисослик муассасалари ҳам катта ҳисса қўшиши мумкинлиги билдирди.
Мулоқот давомида замонавий халқаро стандартлар асосида тиббиёт кадрларини тайёрлаш, мутахассисларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини ташкил этиш, ҳамширалик иши бўйича қўшма таълим дастурларини жорий этиш, ўқув курсларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш дастурлари ва тренинглар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дэвид Шеппард ушбу йўналишлар Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг тегишли тузилмалари ва университетлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратишини қайд этди.
Соғлиқни сақлаш бўйича ҳамкорлик бошқармаси Буюк Британия Бизнес ва савдо вазирлигининг таркибидаги тузилма бўлиб, у Бирлашган Қиролликнинг соғлиқни сақлаш йўналишидаги компаниялари ва университетлари томонидан тақдим этиладиган маҳсулот ва сервисларни хорижий мамлакатларга экспорт қилишда кўмаклашади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси