Шу йил март ойида Польшанинг Познань шаҳрида Ўзбекистон фахрий консуллик офиси очилади
Январ 20, 2024. 10:54 • 2 дақ
• 308
ВАРШАВА, 20 январь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Варшава шаҳридаги «Collegium Humanum» университетига ташриф буюрди ва олий таълим муассасаси ректори, Ўзбекистоннинг Польшадаги фахрий консули Павел Чарнецкий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф аввалида ректор Варшавадаги бир вақтнинг ўзида 20 минг талаба ўқишга мўлжалланган ва энг замонавий ўқув дастурлари билан жиҳозланган янги университет биноси бўйлаб экскурсия уюштирди.
Мулоқот чоғида томонлар мазкур университет ва унинг Андижон вилоятидаги филиалида ўқув жараёнларининг ташкил этилиши, ўзаро ҳамкорликнинг кейинги шакл ва механизмлари, шунингдек, фахрий консулнинг 2023 йилдаги фаолияти ва 2024 йил учун қўшма режалари муҳокама қилинди.
Университет профессор-академик жамоаси Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан икки томонлама диплом бериш дастури доирасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидланди.
2024 йилги режалар доирасида март ойида Буюк Польша воеводалигининг Познань шаҳрида Ўзбекистон фахрий консуллигини очиш тўғрисида келишиб олинди. Тантанали маросим Тошкент ва Варшава ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 32 йиллигини кенг нишонлаш тадбирлари доирасида ўтказилади.
«Ўзбекистон фахрий консуллигининг тантанали очилиш маросими Польша ҳукумати, ҳудуд раҳбарияти, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда йирик компаниялар вакиллари иштирокида юқори савияда ташкил этилади. Шунингдек, мазкур тадбир давомида Познань шаҳрида Польша-Ўзбекистон бизнес-форумини ўтказиш масалалари ҳам ўрганилмоқда», - деди Павел Чарнецкий.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси