Logo

Нидерландиянинг Лёсден муниципалитетида ўзбекистонлик 101 нафар аскар хотирасига бағишланган алоҳида бўлимга эга музей ташкил этилмоқда

Июнь 23, 2024. 12:12 • 2 дақ

313
Нидерландиянинг Лёсден муниципалитетида ўзбекистонлик 101 нафар аскар хотирасига бағишланган алоҳида бўлимга эга музей ташкил этилмоқда

ЛЁСДЕН (НИДЕРЛАНДИЯ), 23 июнь. /"ДунёАА/. Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Ғайрат Фозилов Нидерландиянинг Лёсден муниципалитети мэри Герольф Бувмейстер билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мэр Ўзбекистон раҳбарияти томонидан аждодлар шонли тарихи, хусусан, фашизмга қарши курашда жон фидо қилган ўзбекистонлик 101 нафар аскарнинг хотирасини тиклашга қаратилаётган улкан эътиборни юксак баҳолади.

"Фашистлар ташлаб кетган бир парча нонни баҳам кўриб, энг оғир вазиятларда ҳам матонат ва юксак инсоний фазилатларни намоён этган ўзбек ҳарбий хизматчиларининг қаҳрамонликлари тарихчи олим сифатида мени жуда руҳлантирди. Ота-боболарингиз жасоратлари фашистларнинг режалари ва мафкурасини барбод этиб, маданиятли халқ қандай бўлиши кераклигини амалда исботлаб берди. Ўша даврда ўзбек аскарларининг қаҳрамонликлари ҳақида нидерланд тилида кўплаб шеърлар ёзилган. Натижада шонли тарих хотирада сақланиб қолган", – қайд этди мэр.

Лёсден мэри ёш авлодларга тўғри таълим ва маънавий озуқа олишлари учун шонли тарихни етказиш муҳимлигини таъкидлади. Йилдан йилга нидерланд ёшлари ушбу тарихий воқеаларни ўрганишга катта қизиқиш билдираётгани, хотира тадбирларида фаол иштирок этаётгани қайд этилди.

Лёсден муниципалитети "Растхоф" қабристонида дафн этилган совет аскарлари, жумладан, ўзбекистонлик 101 нафар уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун ҳар йили апрель ва май ойларида ўтказиладиган тадбирларни анъанавий тарзда ташкил қилишга интиляпти.

Айни пайтда "Растхоф" қабристони ёнида музей ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, унда ўзбекистонлик 101 нафар аскар хотирасига бағишланган алоҳида бўлим ташкил этилади.

Томонлар қўшма тадбирлар ташкил этиш ҳамда Лёсден ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш орқали маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни фаоллаштириш йўлларини муҳокама қилдилар.

Лёсдендаги Совет ҳарбий қабристонида Собиқ Иттифоқдан 865 нафар уруш қурбонлари, жумладан, 101 нафар ўзбекистонлик аскар дафн этилган. Нидерландия фуқароси, "Совет шон-шараф майдони" жамғармаси бошқарув кенгаши раиси Ремко Рейдинг кўп йиллар давомида уларнинг шахсини аниқлаш ва хотирасини сақлаб қолиш устида ишламоқда. Жамғарма аскарларнинг яқинларини қидириб, қабрларининг зиёратини ташкил этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш