Logo

Ўзбекистонлик мутахассислар Франция ва Европа космик лойиҳаларида иштирок этади

Апрель 24, 2026. 11:55 • 2 дақ

473
Ўзбекистонлик мутахассислар Франция ва Европа космик лойиҳаларида иштирок этади

ПАРИЖ, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев Франция Миллий космик тадқиқотлар маркази (“CNES”) раҳбари Франсуа Жак билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида космик соҳада Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва уни институционал даражада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилинди.

Франция томонига Ўзбекистонда космик соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Хусусан, 2028 йилда “Мирзо Улуғбек” номли илмий сунъий йўлдошни учириш режалаштирилгани ҳамда биринчи ўзбек космонавтини тайёрлаш ишлари бошлангани қайд этилди.

Ўз навбатида, марказ раҳбари ўзбекистонлик мутахассисларнинг Франция ва Европа космик лойиҳаларида иштирокини таъминлаш, муҳандисларни тайёрлаш, стажировка ва тажриба алмашиш дастурларини ташкил этиш, “CNES”нинг грант ва техник кўмак механизмларидан фойдаланиш, шунингдек, Ерни масофадан зондлаш ва сунъий йўлдош маълумотларига ишлов бериш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш каби бир қатор йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг белгилаб олинган йўналишларини батафсил ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбеккосмос” агентлиги ва “CNES” ўртасида видеоконференция ташкил этишга келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш