Logo

Польшадаги Ўзбекистон тадбиркорлари ассоциацияси ташкил этилди

Декабрь 23, 2023. 08:22 • 2 дақ

416
Польшадаги Ўзбекистон тадбиркорлари ассоциацияси ташкил этилди

ВАРШАВА, 23 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонасида ушбу давлатда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Польшада тадбиркорлик билан шуғулланаётган қатор таниқли банклар, IТ-компанияларда ишлаётган ватандошлар қатнашди.

Иштирокчиларга «Янги Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мазмун-моҳияти, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукуматнинг асосий устувор йўналишлари, республикада инвестиция, таълим, ижтимоий-гуманитар ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, илм-фан ва таълимни ривожлантириш, замонавий юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида улкан ишлар давом этаётгани таъкидланди.

Учрашувда сўзга чиққан ватандошлар Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда иштирок этишга, замонавий билим ва тажрибаларини она юрт равнақига йўналтиришга тайёр эканликларини билдиришди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан тақдирланган «Uzinvest Sp. z o.o.» компанияси раҳбари Вохид Муҳитдиновга мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди.

«Польшадаги дипломатик ваколатхона кўмагида Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари 2023 йил ноябрь ойида Варшавада бўлиб ўтган «Fast Textile» халқаро кўргазмасида иштирок этганидан сўнг 30 миллион доллардан ортиқ экспорт шартномалари имзоланди. Фурсатдан фойдаланиб, бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётгани ва ушбу мукофот учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдираман», - деди Вохид Муҳитдинов.

Польшадаги «JD MEBLE» мебель фабрикаси директори Расулжон Ибрагимов ўз чиқишида мебель ишлаб чиқариш соҳасида олган билим ва тажрибасини Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантириш йўлида сафарбар қилишга тайёрлигини билдирди. «Ўзбекистон фуқароларининг Польша иқтисодиётига сармоя киритиш тенденцияси ортиб бормоқда. Бизнинг иккита мебель фабрикамиз 140 нафар полякларни иш билан таъминлаган. Айни пайтда ишлаб чиқараётган мебель маҳсулотларимизни Европа ва Африканинг 7 давлатига экспорт қилаяпмиз», деди у.

«Eletto Sp. z o.o.» компанияси раҳбари Низомиддин Абдуллаев Польша вино бозорини атрофлича таҳлил қилиш, талаб юқори бўлган тақдирда ушбу мамлакатда вино сотиш бўйича миллий савдо уйини очиш ва реклама кампанияларини ташкил этиш режаларини маълум қилди.

Учрашув доирасида Польшадаги Ўзбекистон тадбиркорлари ассоциациясини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди. Шунингдек, ассоциациянинг биринчи йиғилишини ўтказилди.

Йиғилиш иштирокчилари «Eletto Sp. z o.o.» компанияси раҳбари Низомиддин Абдуллаевни мазкур ташкилот раҳбари сифатида тасдиқладилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш