Сиэтлда Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт жараёнлари ва ҳамкорлик истиқболлари тақдим этилди
Октябрь 01, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 124СИЭТЛ, 1 октябрь. /“Дунё” АА/. “World Affairs Council of Seattle” ҳамжамияти аъзолари иштирокида АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт жараёнлари ва ўзбек-америка ҳамкорлик истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Вашингтон штати давлат органлари, етакчи технологик компаниялар, университетлар, юридик ва консалтинг ташкилотлари, шунингдек, экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Хусусан, “Amazon”, “Microsoft”, Вашингтон штати Савдо департаменти, Губернатор аппарати, Вашингтон университети, “UW Tech Policy Lab”, Сиэтл шаҳри университети ва бошқа нуфузли ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.
Иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, иқтисодий очиқликни таъминлаш чора-тадбирлари, инвестиция муҳити, хусусий секторни ривожлантириш, туристик салоҳият, шунингдек, АҚШ Тинч океани Шимоли-Ғарби минтақасидаги Бош консулхона фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Музокаралар чоғида Сиэтл ва Тошкент шаҳрлари ўртасидаги қардошлик алоқаларини амалий лойиҳалар билан бойитиш, етакчи Америка технологик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг очиқ савол-жавоб сессияси жуда қизғин руҳда ўтди. Иштирокчилар Ўзбекистон ташқи сиёсати, Марказий Осиёдаги минтақавий жараёнлар, иқтисодий ислоҳотлар, оммавий ахборот воситалари ва ахборот маконининг очиқлиги, туризм ва инвестициялар, шунингдек, Сиэтл ва Тинч океани Шимоли-Ғарби минтақаси билан ҳамкорлик истиқболларига оид кўплаб саволлар бердилар.
Давра суҳбати якунида “World Affairs Council of Seattle” раҳбарияти билан Ўзбекистонга бағишланган юқори даражадаги ташрифлар доирасида тематик учрашувлар, экспертлар муҳокамалари ва қўшма тадбирларни ташкил этиш мақсадида ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

