Logo

БИМТ Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолайди

Апрель 30, 2024. 10:03 • 54 сония

281
БИМТ Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолайди

ЖЕНЕВА, 30 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Элдиёр Тошматов Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) бош директори Дарен Танг билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

БИМТ раҳбарига республикада савдо-иқтисодий, сармоявий соҳаларда ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон билан халқаро иқтисодий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

Дарен Танг Ўзбекистонда интеллектуал фаолият ва инновациялар натижаларини иқтисодиёт соҳасига жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, ҳудудий брендларни яратиш, контрафакт маҳсулотлар савдосининг олдини олиш, интеллектуал мулк объектларининг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Унинг айтишича, Ўзбекистон БИМТ билан фаол ҳамкорлик қилади, республика вакиллари ташкилот органларининг йиғилишлари, форумлари, семинарлари, минтақавий ва халқаро миқёсдаги тадбирларида мунтазам иштирок этади.

Томонлар Ўзбекистонда, БИМТ академияси бўлимини ташкил этиш ва мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида БИМТ билан ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида Дарен Танг Ўзбекистонга ташриф билан келиш истагини билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш