Бахтиёр Саидов: Иорданияни Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги муҳим ва ишончли ҳамкори деб биламиз

Июль 06, 2026. 14:00 • 2 дақ

92
Бахтиёр Саидов: Иорданияни Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги муҳим ва ишончли ҳамкори деб биламиз
“Дунё” АА олган сурат

ТОШКЕНТ, 6 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Иордания Бош вазири Айман Сафади билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва муҳожирлар масалалари бўйича вазири Айман Сафади жаноблари билан Тошкентда учрашишдан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Ўтган йили Самарқандда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон–Иордания кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдик.

Олий ва юқори даражадаги бўлажак ташрифлар ҳамда бошқа қўшма тадбирлар жадвалини кўриб чиқдик.

Икки томонлама мулоқотлар ва ўзаро алмашинувлар фаол тус олганини мамнуният билан қайд этдик. Сиёсий мулоқотларни янада фаоллаштириш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги яқин мувофиқлаштиришни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладик.

Шунингдек ўқинг

Савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги, таълим ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ амалий қадамларни белгилаб олдик. Амман–Тошкент тўғридан-тўғри авиақатновининг йўлга қўйилгани ва Ишбилармонлар кенгаши фаолияти мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирдик.

Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашдик. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа кўп томонлама платформалар доирасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигимизни тасдиқладик.

Иорданияни Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги муҳим ва ишончли ҳамкори деб биламиз ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янги мазмун билан бойитиш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни изчил давом эттирамиз”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш