Ўзбекистон ва Озарбайжон ТИВ раҳбарлари телефон орқали мулоқот қилди
Март 05, 2026. 16:26 • 2 дақ
• 178
ТОШКЕНТ, 5 март. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири жаноб Жайхун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Суҳбат давомида озарбайжонлик ҳамкасбим Нахичеван Автоном Республикасига нисбатан учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилган ҳужум билан боғлиқ ҳолат юзасидан батафсил маълумот берди. Мазкур ҳужум оқибатида тинч аҳоли жабр кўргани ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етказилгани қайд этилди.
Ўз навбатида, мамлакатимизнинг мазкур ҳужумлар юзасидан жиддий хавотирини билдирдик. Халқаро ҳуқуқ принципларига зид бўлган, бошқа давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузадиган бундай ҳаракатлар мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини таъкидладик.
Сурат “Дунё” АА архивидан
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси