Logo

Ўзбекистон элчихонасида Польшадаги ватандошлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди

Октябрь 06, 2024. 11:09 • 1 дақ

296
Ўзбекистон элчихонасида Польшадаги ватандошлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди

ВАРШАВА, 6 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида 27 октябрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайловига бағишланган давра суҳбати ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Польшада ишлаётган, таълим олаётган ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар иштирок этди.

Йиғилганларга сайлов жараёнида фаол иштирок этишнинг аҳамияти, яқинда ишга туширилган "saylov.mfa.uz" сайти ҳақида маълумот берилди. Ушбу сайловлар Конституциямизда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилаётганлиги алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади. Мазкур тизим орқали депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига мақбул номзодларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.

Тадбир давомида бўлажак сайловларга оид видеороликлар намойиш этилди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқароларининг Польшадаги меҳнат миграцияси ҳолати билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ошиб бораётган сонини ҳисобга олган ҳолда қонуний меҳнат миграциясини таъминлашнинг зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ватандошларга чет элда бўлганида маҳаллий қонунчиликни билишнинг аҳамияти ва бўлиб турган хорижий мамлакат қонунларига қатъий риоя қилиш муҳим эканлиги ҳамда уларга амал қилиш зарурлиги юзасидан тегишли тавсиялар билдирилди.

Давра суҳбатидан сўнг ватандошлар ўртасида футбол мусобақаси ташкил этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш