Logo

Франция пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди

Сентябрь 29, 2025. 12:33 • 2 дақ

69
Франция пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди

ПАРИЖ, 29 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонасида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари ва тантанали қабул бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тантанали қабулда сиёсий, ишбилармон, эксперт ва маданий доиралар, Франция оммавий ахборот воситалари, Парижда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, ушбу мамлакатда таҳсил олаётган ва ишлаётган ҳамюртларимиз иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Франция ўртасида кенгайиб бораётган ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил март ойида Францияга давлат ташрифи мамлакатларимизнинг икки ва кўп томонлама ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун муҳим босқич бўлганини таъкидладилар.

Жумладан, Европа истиқболлари ва хавфсизлиги институти (IPSE) директори Эммануэль Дюпюи Ўзбекистон мустақилликка эришганидан 34 йил ўтиб, мамлакатнинг эволюциясини, айниқса, 2016 йилдан кейин, Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг содир бўлган ўзгаришларни юксак баҳолади.

"Semmaris" корхонаси раҳбари Стефан Лаяни ўз маърузасида Ўзбекистон тараққиёт йўлини эътироф этар экан, республика 34 йил ичида бутунлай ўзгарганини билдирди. "Ўзбекистонга борсангиз ўзингизни ривожланган инфратузилмаси, замонавий меҳмонхоналар индустрияси, туризм ва ажойиб меҳмондўстлик тажрибасига эга мамлакатни кўрасиз. Ўзбекистон бугунги кунда халқаро савдода ҳам жуда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон жуда яхши озиқ-овқат марказларидан бирига, экспорт орқали бутун дунёга хизмат кўрсатадиган озиқ-овқат таъминоти платформаларидан бирига айланиши мумкин. Зеро, Франция ҳам кўплаб товарларни экспорт қилувчи ва импорт қилувчи ҳисобланади. Буларнинг барчаси аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашга ҳисса қўшади ва мамлакатингизга фойда келтиради", – деди у.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш