Logo

Варшавада Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими бўлиб ўтди

Сентябрь 21, 2025. 14:11 • 2 дақ

39
Варшавада Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими бўлиб ўтди

ВАРШАВА, 29 сентябрь. /"ДунёАА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Варшава шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан расмий қабул маросими ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё"АА мухбири.

Унда Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Войчех Заянчковский, Сенат маршали ўринбосари Михал Камински, Ривожланиш ва технологиялар вазирлиги давлат котиби Михал Ярос, Қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазирлиги давлат котиби Яцек Черняк, Польша Президенти маслаҳатчиси Радослав Грук, Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Анджей Шептиски, Рақамлаштириш вазири ўринбосари Рафал Росински, Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идораси бизнес омбудсмани Агниешка Маевска ва бошқалар қатнашди.

Қабул маросимида сўзга чиққан мамлакатимиз элчиси Амирсаид Агзамходжаев "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, ўзбеки-поляк ҳамкорлиги тўғрисида батафсил сўзлаб берди.

Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Войчех Заенчковский ўз маърузасида Польшада Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш ортиб бораётгани мамлакат ҳукумати томонидан жадал суръатларда амалга оширилаётган модернизация сиёсатининг маҳсули эканлигини таъкидлади. Мамлакатимизда поляк компаниялари сони ортиб бораётгани, уларнинг ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш истаги қайд этилди.

Қабулнинг маданий дастурида Ўзбекистондан келган санъат усталари иштирокида махсус концерт дастури бўлиб ўтди. Ижро этилган ўзбек миллий қўшиқ ва рақслари Польша вакилларига катта таассурот қолдирди. Тадбир иштирокчилари, шунингдек, мамлакатимизнинг бой маданий мероси, тарихий анъаналари ва туризм салоҳияти ҳамда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига бағишланган кўргазма билан танишдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш