Logo

"Tatlerasia": Сингапурлик журналист Хива шаҳрида ўз бизнесини йўлга қўйди

Июнь 16, 2025. 12:45 • 2 дақ

63
"Tatlerasia": Сингапурлик журналист Хива шаҳрида ўз бизнесини йўлга қўйди

СИНГАПУР, 13 июнь. /"Дунё" АА/. Сингапурнинг "Tatlerasia" электрон нашрида сингапурлик халқаро тележурналист Тимоти Гонинг Хива шаҳридаги фаолиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистонга дастлаб ижодий сафар билан буюрган халқаро тележурналист Тимоти Го Хива шаҳрида ўзининг бизнесини ташкил қилди, – дейилган мақолада. – Касбий йўналишини ўзгартирган журналист маҳаллий ҳамкори Муҳаммадали билан биргаликда "Bankir Khiva" бутик меҳмонхонасини очди".

Маълум қилинишича, Тимоти Го 2018 йилда илк бор Ўзбекистонга борганида мамлакатнинг гўзал табиати, тарихий обидалари ва меҳмондўст халқи уни ҳайратга солган. Хусусан, Хивадаги тор кўчалар, қадимий бинолар ва тинч муҳит уни ўзига ром этган.

"Бугунги кунда у Хиванинг сайёҳлик имкониятларини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этмоқда. Ичан-Қалъанинг бетакрор манзаралари, ой нурида янада гўзал тус олувчи кечки сайрлари сайёҳлар учун алоҳида қизиқиш уйғотади. Янгиариқ қишлоғидаги керамика устахоналари, апрель ойидаги "Лазги" халқаро рақс фестивали ва Қовун сайли каби анъанавий тадбирлар эса шаҳарга янада ўзига хос жозиба бахш этмоқда", – дея урғуланган нашрда.

Мақолада Тимоти Гонинг Хива ҳақидаги қуйидаги сўзлари келтирилган: "Хива аҳолиси меҳмонларга нисбатан очиқ ва дўстона муносабатда бўлади. Ёшлар эса инглиз тилида суҳбатлашиш орқали ўз билимини оширишга интилмоқда. Шу орқали улар кўплаб янгидан-янги танишлар орттирадилар".

Қайд этилишича, "Bankir Khiva" меҳмонхонасида турли мамлакатлардан келган нуфузли шахслар — йирик компания раҳбарлари, Forbes рўйхатидаги бизнесменлар, халқаро музейлар раҳбарлари ва бошқа машҳур меҳмонлар қабул қилмоқда.

"Тимоти Го мазкур ташаббуси Ўзбекистон туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакатнинг маданий меросини дунё жамоатчилигига танитиш ва хорижий сармояларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этаяпти", – деб ёзган "Tatlerasia".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш