Logo

Акико Фужии: Барқарор ҳамкорлик ва жамоавий ҳаракат Марказий ва Жанубий Осиёда фаровонлик калитидир

Май 21, 2025. 07:06 • 2 дақ

93
Акико Фужии: Барқарор ҳамкорлик ва жамоавий ҳаракат Марказий ва Жанубий Осиёда фаровонлик калитидир

ТЕРМИЗ, 21 май. /"Дунё" АА/. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии "Дунё" АА учун интервьюсида 19-21 май кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилишининг аҳамияти ҳақида фикрларини билдирди.

– Ўзбекистон ҳукуматининг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича биринчи Термиз мулоқотини ташкил этиш ташаббусини юқори баҳолайман. Форум ушбу минтақалар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг энг муҳим элементлари бўлган тинчлик, фаровонлик, дўстлик ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби муҳим мавзуларга бағишланган.

Ривожланиш, тинчлик ўрнатиш, инсонпарварлик ёрдами ва иқлим ўзгаришига жавоб бериш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш нуқтаи назаридан ушбу мулоқот алоҳида аҳамиятга эга. Марказий ва Жанубий Осиё минтақалар фаровонлигининг асоси бўлган бой табиий ресурсларга эга. Ушбу манбалар бизни бир-биримиз билан боғлайди. Бироқ, иқлим ўзгариши ушбу ресурслар учун рақобатни кучайтириши мумкин, шунинг учун кўп томонлама ҳамкорлар, жумладан, БМТ ва БМТ ТД каби халқаро ташкилотлар учун ҳукуматлар билан шу каби платформаларда ҳамкорлик қилиш айниқса муҳимдир.

Бундай ҳамкорлик минтақанинг, айниқса, ёш авлоднинг янада фаровон келажагини барпо этишда жуда муҳим, деб ўйлайман. Ушбу мулоқотда ёшлар ҳам фаол иштирок этишига чин дилдан умид қиламан.

Ишончим комилки, барқарор ҳамкорлик ва жамоавий ҳаракатлар минтақанинг келажакдаги гуллаб-яшнашининг калитидир. Ўйлайманки, бундай мулоқотлар конструктив ва ҳамкорликка асосланган ҳамкорликни илҳомлантиради ва рағбатлантиради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш