Қодир Маликов: Термиз мулоқоти Марказий Осиё давлатларининг халқаро майдонда субъективлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади
Май 21, 2025. 10:46 • 2 дақ
• 38
ТЕРМИЗ, 21 май. /"Дунё" АА/. Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси директори маслаҳатчиси, "Дин, ҳуқуқ ва сиёсат" мустақил таҳлил маркази директори Қодир Маликов "Дунё" АА учун интервьюсида 19-21 май кунлари Термиз шаҳрида ўтаётган "Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш" мавзусидаги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилишининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари учун ниҳоятда муҳим ва долзарб ташаббусдир. Глобал беқарорлик ва геосиёсий нотинчлик шароитида минтақамиз учун янги имкониятлар ва истиқболлар очилмоқда. Шунингдек, ушбу форумнинг алоҳида аҳамияти унинг барқарор иқтисодий ва логистика алоқаларини яратиш истагидадир.
Дипломатик нуқтаи назардан, ушбу мулоқот минтақадаги аксарият давлатларнинг Конституцияларида ўз ифодасини топган ва уларнинг миллий манфаатларининг муҳим элементи бўлган бетарафлик ва кўп қутбли сиёсатини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ушбу тадбир, шубҳасиз, савдо-иқтисодий, дипломатия ва маданий алоқаларни ривожлантириш орқали Марказий Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграция жараёнларини рағбатлантиради.
Мулоқот кун тартибида минтақавий хавфсизлик масалалари ҳам муҳим ўрин тутади. Ахборот алмашинуви, саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, эксперт ва таҳлилий ҳамжамиятларнинг ўзаро ҳамкорлиги - буларнинг барчаси замонавий шароитда жуда муҳим.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолайман. Бугунги кунда мамлакатингизнинг нафақат Марказий Осиёнинг географик ва логистика маркази сифатидаги аҳамияти ошаяпти, балки минтақа давлатларининг ўзаро ҳурмат ва интеграция тамойилларини илгари суриш бўйича ҳам босқичма-босқич етакчисига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган Термиз мулоқоти давлатларимизнинг халқаро майдонда субъективлигини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда