Logo

"Маde in Uzbekistan" бренди остидаги миллий маҳсулотлар Венгриядаги вино фестивалини забт этди

Апрель 28, 2025. 14:41 • 3 дақ

143
"Маde in Uzbekistan" бренди остидаги миллий маҳсулотлар Венгриядаги вино фестивалини забт этди

СОЛЬНОК, 28 апрель. /"Дунё" АА/. Венгриянинг Сольнок шаҳрида IX вино фестивали бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Венгрия вино саноатидаги ушбу муҳим воқеа анъанавий равишда ишлаб чиқарувчилар, реставраторлар, савдо компаниялари вакиллари, олижаноб ичимликларни билувчилар ва мамлакатнинг барча ҳудудларидан профессионалларни бирлаштирди.

Бу йилги фестиваль Венгриянинг 40 дан ортиқ етакчи вино заводларини жамлади ва улар ўз маҳсулотларининг энг яхши намуналарини тақдим этишди. Меҳмонлар учун виночилар билан мулоқот қилиш, ишлаб чиқариш сирлари ва вино ишлаб чиқариладиган ҳудудларнинг маданий хусусиятлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш имконияти яратилди.

Фестивалнинг фахрий меҳмони сифатида иштирок этган Ўзбекистон ташриф буюрувчиларнинг алоҳида эътиборини тортди. "Маde in Uzbekistan" миллий бренди остида вино ишлаб чиқарувчи "Château Hamkor" компанияси ўз маҳсулотларининг кенг ассортиментини намойиш этди.

Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов фестивалнинг очилиш қисмида қутлов нутқи билан иштирок этди. У ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича тўхталиб, Ўзбекистон очиқ, рақобатбардош ва инновацион давлат йўлида барқарор ўзгаришлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари, сайёҳлик салоҳияти ва мамлакатимизнинг институционал жозибадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

"Château Hamkor" компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Нозим Қобилов томонидан ўтказилган тақдимот меҳмонлар ва мутахассислар эътиборини тортди. У ишлаб чиқаришнинг технологик хусусиятлари, ўзбек узум навларининг ўзига хослиги ва Ўзбекистонда виночиликнинг маданий анъаналари ҳақида батафсил гапириб берди. Тақдим этилган вино маҳсулотлари соҳа мутахассисларида юқори қизиқишига сабаб бўлди. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан ташкил этилган ўзбек миллий таомлари тақдимоти ҳам муваффақиятли бўлиб ўтди. Фестиваль меҳмонлари кўз ўнгида миллий таомларимиз – палов ва сомса тайёрланди ва улашилди.

Таъкидлаш керакки, фестиваль майдонида ташкил қилинган Ўзбекистон миллий стенди энг кўп ташриф буюрилган бўлимлардан бири бўлди ҳамда маданий ва гастрономик диққатга сазовор жойларнинг ҳақиқий марказига айланди.

Ўзбекистоннинг мазкур тадбирида иштирок этиши икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий брендни илгари суриш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.

Мутахассисларнинг айтишича, Сольнокдаги фестиваль вино ва гастрономия нафақат санъат, балки халқлар ўртасидаги кўприк эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Гёрг Хичо, Сольнок касб-ҳунар таълими маркази раҳбари:

– IX йиллик вино фестивалини юқори даражада ўтказганимиздан жуда хурсандмиз. Ҳар йили биз ушбу профессионал тадбир доирасида янги мамлакатлар ва инсонлар билан учрашамиз. Бу йил Ўзбекистон элчиси ва ўзбекистонлик ҳамкорларимиз алоҳида ўрин эгаллади. Биз учрашдик, суҳбатлашдик ва умид қиламанки, бошлаган алоқаларимиз келажакда ривожланиб, муваффақиятли ҳамкорликка етаклайди.

Фестивалнинг халқаро миқёсда кенгайиши нафақат профессионал ҳамжамият, балки мамлакатлар ўртасидаги маданий ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун ҳам янги истиқболларни очади.

Андрас Колозсвари, венгриялик тадбиркор, "Balalajka Plus Kft." компанияси президенти, фестиваль ташкилотчиси:

– Яқинда Фарғона вилоятида бўлдим. Ушбу сафар мен учун унутилмас ва ажойиб тажриба бўлди. Ажойиб, меҳмондўст инсонларни учратдим, Фарғона мевалари, виноларидан татиб кўрдим. Ўзбек гастрономияси ҳақиқий мўжиза. Албатта, барча шаҳарларда муҳокама қилинадиган палов ҳақида гапирмасдан илож йўқ. Тошкент паловими ёки Фарғона оши мазали эканлиги ҳақидаги саволга шахсан мен жавоб беролмайман.

 Мазкур саёҳатимдан олган кучли таассурот ўзбек виночиларининг фестивалга таклиф қилинишига сабаб бўлди.

Ўзбекистоннинг "Château Hamkor" вино заводини фестивалдаги иштироки муваффақият бўлди. Умид қиламанки, келажакда биз Венгрияга ўзбек ичимликлари экспортини йўлга қўямиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш