Logo

Ўзбекистон экспорт салоҳияти Хитойнинг Наньнин шаҳрида ўтказилган халқаро кўргазмада тақдим этилди

Ноябрь 11, 2025. 15:35 • 2 дақ

264
Ўзбекистон экспорт салоҳияти Хитойнинг Наньнин шаҳрида ўтказилган халқаро кўргазмада тақдим этилди

НАНЬНИН, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Хитойнинг Наньнин шаҳрида бўлиб ўтган "The Smart Agriculture Expo 2025" халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон миллий стенди намойиш қилинди, хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Наньнин шаҳридаги "International Convention and Exhibition Center" мажмуасида бўлиб ўтган ушбу кўргазмада Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, миллий маҳсулотлар экспорти географиясини янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон миллий стенди қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат ва қандолат товарлари, қуритилган мевалар ҳамда табиий шарбатлар билан безатилиб, иштирокчилар ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Стенд доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва Хитой компаниялари ўртасида учрашувлар ташкил этилиб, экспорт шартномалари бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, "Ўзбекистон маҳсулотларини дегустация қилиш" акцияси тадбирнинг ёрқин лаҳзаларидан бири бўлди. Дегустация иштирокчилари миллий маҳсулотларнинг юқори сифати, табиийлиги, бетакрор таъми ва экологик стандартларга мослигини алоҳида эътироф этдилар.

Кўргазма доирасида Гуанси-Чжуан ҳудуди Қишлоқ хўжалиги департаменти вакиллари билан учрашув ўтказилди. Унда "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ва Гуанси Ипакчиликни ривожлантириш ташкилоти ўртасидаги амалий ҳамкорликни жадаллаштириш, тажриба ва инновацион технологиялар алмашинувини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш