Logo

Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Карачида очилган халқаро кўргазмада намойиш этилмоқда

Ноябрь 27, 2025. 16:53 • 2 дақ

478
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Карачида очилган халқаро кўргазмада намойиш этилмоқда

ИСЛОМОБОД, 27 ноябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 2025 йил 25-27 ноябрь кунлари Покистоннинг Карачи шаҳрида III Халқаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги кўргазмаси – "FoodAg 2025" бўлиб ўтмоқда, дея хабар қилади "Дунё" АА мухбири.

"Инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва барқарорликни ривожлантириш" мавзусида ўтаётган ва  жаҳон бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, савдо ва экспорт имкониятини кенгайтиришга қаратилган мазкур нуфузли тадбирда 80 дан ортиқ мамлакатдан мингга яқин халқаро харидорлар, компаниялар ва ишлаб чиқарувчилар иштирок этмоқда.

"FoodAg – 2025" кўргазмаси B2B учрашувлари, тўққизта юқори даражадаги конференция ва беш қитъадан келган 21 нафар машҳур ошпазнинг фақат Покистонда етиштирилган масаллиқларидан фойдаланиб таом тайёрлайдиган дастурни ўз ичига олади.

25 ноябрь куни "FoodAg – 2025" кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазма майдонида Ўзбекистон элчихонаси кўмагида "Made in Uzbekistan" номи остида миллий стенд ташкил этилди. Унда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат, қандолат маҳсулотлари, қуритилган мева ва табиий шарбатлар, шунингдек тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, пластмасса ва полимер саноатига оид экспортбоп маҳсулотлар намойиш этиляпти. Ўзбекистон бурчагида тақдим этилаётган миллий маҳсулотлар халқаро иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ва маҳсулотларнинг сифати, табиийлиги ҳамда экспорт салоҳияти юқори баҳоланди.

Тадбир доирасида хорижий, хусусан Покистон компаниялари билан самарали музокаралар ўтказилиб, маҳсулотларнинг экспорт имкониятлари, Покистон бозорига кириш йўналишлари ва дистрибуция масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, маҳаллий импортёрлар, дистрибюторлар ва ишбилармон доиралар билан қатор учрашувлар ташкил этилди ҳамда ўзаро ҳамкорликка оид таклифлар кўриб чиқилди.

Мазкур кўргазма Ўзбекистон тадбиркорлари учун халқаро ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда "Made in Uzbekistan" бренди остида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорида илгари суришда муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.

"FoodAg - 2025" кўргазмаси Покистон Савдо вазирлиги кўмагида ташкил этиладиган халқаро платформа ҳисобланади. Кўргазма ҳар йили озиқ-овқат саноати, аграр технологиялар ва қайта ишлаш соҳаларида фаолият юритувчи ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар ва харидорларни бир майдонга жамлайди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш