Дональд Трамп Эрон билан музокараларда ютуққа эришилганини эълон қилди, бироқ Теҳрон хулоса чиқаришга шошилмасликка чақирди
Июнь 12, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 139
ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 12 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан музокараларда сезиларли муваффақиятга эришилганини ва томонлар келишув имзолашга яқин турганини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “CNN” телеканалига таяниб.
Овал идорада журналистлар билан мулоқот чоғида Америка етакчиси бўлажак ҳужжат матни деярли тайёр экани, унинг имзоланиши яқин кунларда, эҳтимол, Европадаги бирор майдонда бўлиб ўтиши мумкинлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, келишув қуролли қарама-қаршиликка чек қўйиш ва Теҳроннинг ядровий қурол яратишдан воз кечишини кафолатлайди.
Бироқ, Теҳронда хулоса чиқаришга шошилмасликка чақиришди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Боғоий келишувга эришилгани ҳақидаги хабарларни муддатидан аввалги деб атади ва якуний келишувлар ҳали расмийлаштирилмаганини таъкидлади.
У меморандум матнининг катта қисми ҳақиқатан ҳам келишиб олингани, бироқ АҚШ муҳокамада қолаётган қўшимча талабларни илгари сурганини қайд этди.
Янги дипломатик фаоллик давом этаётган ҳарбий қарама-қаршиликлар фонида кузатилмоқда. Бу ҳафта АҚШ Эрон жанубидаги ҳарбий, радиолокацион ва разведка объектларига янги зарбалар берди. Бунга жавобан Ислом инқилоби посбонлари корпуси Баҳрайн, Қувайт ва Иорданиядаги Америка ҳарбий объектларига ҳужумлар уюштирилганини маълум қилди.
Трампнинг келишув эҳтимоли ҳақидаги сўзларидан бир неча соат олдин қилган баёнотлари вазиятни янада кескинлаштирди.
Америка президенти Эронга “жуда қаттиқ зарбалар” бериш билан таҳдид қилди ва мамлакатнинг асосий нефть инфратузилмасини, жумладан, Эрон нефти экспортининг қарийб 90 фоизи ўтадиган Харг оролини назорат остига олиш эҳтимоли борлигини айтди.
Бунга жавобан Эрон ҳарбий раҳбарияти республиканинг энергетика инфратузилмасига қилинадиган янги ҳужумлар янада кескинроқ жавобга сабаб бўлишидан огоҳлантирди. Теҳронда “нефть ва газ экспорти ё минтақанинг барча давлатлари учун очиқ қолади, ёки ҳеч ким учун очиқ бўлмайди”, дея баёнот берилди.
АҚШ Президентининг сўзларига кўра, муҳокама қилинаётган келишув доирасида нафақат ядровий масалани ҳал этиш, балки Ҳўрмуз бўғозини халқаро кемачилик учун очиш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, у минтақа мамлакатлари етакчилари ва Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху билан маслаҳатлашувлар ўтказганини маълум қилди.
Исроил ҳукумати раҳбари девони музокаралар бўлиб ўтганини тасдиқлади, бироқ Исроил бўлажак меморандумда иштирокчи томон эмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, Бош вазир Вашингтоннинг келишувга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Халқаро ҳамжамият томонларни кескинликни юмшатишга чақиришда давом этмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш “Яқин Шарқда кескинлик кучайиб бораётганидан чуқур хавотир” билдирди ва можаро иштирокчиларини ўт очишни тўхтатиш режимига тўлиқ риоя қилишга қайтишга ундади. Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Туркия ва Саудия Арабистони ҳам шундай чақириқлар билан чиқди.
“Anadolu” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси