Logo

ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг 19 ноябрни Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш ташаббусини бир овоздан маъқуллади

Апрель 25, 2026. 09:10 • 3 дақ

212
ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг 19 ноябрни Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш ташаббусини бир овоздан маъқуллади
ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг 19 ноябрни Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш ташаббусини бир овоздан маъқуллади
ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг 19 ноябрни Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш ташаббусини бир овоздан маъқуллади

ПАРИЖ, 25 апрель. / “Дунё” АА/. 23 апрель куни ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Ижроия кенгашининг 224-сессиясида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган 19 ноябрни – Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бир овоздан маъқулланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Халқаро ҳужжатли мерос кунини эълон қилиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан 2025 йил 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросимида илгари сурилган эди.

Ҳужжатли мерос – қўлёзмалар, архивлар, кутубхона фондлари, аудиовизуал материаллар ва рақамли ёзувлар – инсоният жамоавий хотирасининг муҳим қисми ҳисобланади. Бироқ ресурслар етишмаслиги, рақамлаштириш имкониятларининг чеклангани, технологик эскириш, иқлим ва бошқа хавф-хатарлар туфайли заиф бўлиб қолмоқда.

Шу нуқтаи назардан, ушбу ташаббус ҳужжатли мероснинг аҳамияти ҳақида глобал хабардорликни ошириш, аъзо давлатлар ва ҳамкорларнинг уни асраб-авайлаш бўйича саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш, ундан фойдаланиш имкониятини, жумладан, рақамли шаклда кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ЮНЕСКОнинг “Дунё хотираси” дастурининг кўринишини кучайтиришга қаратилган.

Ушбу ташаббус, ЮНЕСКОнинг ҳужжатли меросни асраб-авайлаш, ахборотдан фойдаланиш, рақамли трансформация ва барқарор ривожланиш каби соҳалардаги жорий устувор йўналишларига мос келади.

Шунингдек ўқинг

Бу борада Ўзбекистоннинг ташаббуси ЮНЕСКОга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Жумладан, ЮНЕСКОга аъзо 65 та давлат: Албания, Жазоир, Арманистон, Озарбайжон, Баҳрайн, Бангладеш, Беларус, Буркина-Фасо, Кабо-Верде, Камбоджа, Камерун, Хитой, Колумбия, Коста-Рика, Куба, Жибути, Миср, Экваториал Гвинея, Эфиопия, Гватемала, Гаити, Венгрия, Ҳиндистон, Индонезия, Ямайка, Қозоғистон, Қувайт, Қирғизистон, Ливан, Либерия, Ливия, Малайзия, Мали, Мавритания, Маврикий, Марокаш, Мозамбик, Мянма, Нигер, Нигерия, Уммон, Палау, Украина, Бирлашган Араб Амирликлари, Уругвай, Венесуэла, Ветнам, Яман, Зимбабве Ўзбекистон томонидан таклиф этилган Ижроия кенгаши қарорининг ҳаммуаллифлари бўлди.

Сессия давомида бир қатор давлатлар вакиллари ҳам Ўзбекистоннинг ташаббусини қатъий қўллаб-қувватлаб, унинг ўз вақтида амалга оширилгани, амалий аҳамияти ва ЮНЕСКОнинг ҳужжатли меросни сақлаш соҳасидаги устувор йўналишларига мувофиқлигини таъкидлади.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Президентининг Халқаро кунни таъсис этиш ташаббуси ЮНЕСКОнинг таълим, маданият, билим олиш ва инсоният хотирасини асраб-авайлаш соҳаларидаги устувор йўналишларига уйғунлигини, шунингдек, “Жаҳон хотираси” дастурини мустаҳкамлаш, ҳужжатли меросга халқаро эътиборни кенгайтириш ва уни муҳофаза қилиш бўйича амалий чора-тадбирларни фаоллаштиришга хизмат қилишини қайд этди.

Ҳужжатли мерос нафақат маданий, балки тарихий хотирани сақлаш, миллий ўзликни тиклаш, давлатчиликни мустаҳкамлаш ва тарихий адолатни таъминлаш нуқтаи назаридан кенгроқ ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга эканига алоҳида эътибор қаратилди. Ташаббуснинг ресурслар тақчиллиги, технологик чекловлар ва иқлим хавф-хатарлари олдида энг заиф бўлган мамлакатлар учун амалий аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Ташкилотнинг белгиланган тартибига мувофиқ, Халқаро ҳужжатли мерос кунининг расмий эълон қилиниши 2027 йил ноябрь ойида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 44-сессиясида бўлиб ўтади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш