АҚШ ва Эрон урушни тўхтатиш бўйича ҳадли битимни эълон қилди

Июнь 15, 2026. 12:00 • 3 дақ

277
АҚШ ва Эрон урушни тўхтатиш бўйича ҳадли битимни эълон қилди

ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 15 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШ ва Эрон урушни тўхтатиш, АҚШнинг Эронга нисбатан денгиз блокадасини бекор қилиш ҳамда Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини қайта тиклашни кўзда тутувчи ҳадли битимга эришди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Al Jazeera” телеканалига таяниб.

Битимга эришилгани ҳақида биринчи бўлиб Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги билвосита музокараларда воситачилик қилган Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, томонлар “барча жабҳаларда, жумладан, Ливанда ҳарбий амалиётларни зудлик билан ва доимий равишда тўхтатишга” келишиб олган.

Кўп ўтмай, АҚШ Президенти Дональд Трамп бу маълумотни ижтимоий тармоқларда тасдиқлади. “Эрон Ислом Республикаси билан келишув энди якунланди”, – деб ёзди у. Президент баёнотига кўра, АҚШ Эрон портларининг денгиз блокадасини ҳам тўхтатади. “Тинчлик кемалари, двигателларни ишга туширинг. Нефть яна оқаверсин!” – дея қайд этди давлат раҳбари.

“Al Jazeera”нинг Эрондаги манбаларига кўра, келишув лойиҳаси 14 банддан иборат. Улар орасида барча жабҳаларда жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, 30 кун ичида денгиз қамалини тўлиқ бекор қилиш, Ҳўрмуз бўғозини очиш ва ҳужжат имзолангандан сўнг 60 кун ичида ядровий масалани узил-кесил ҳал этиш бўйича музокаралар ўтказиш каби бандлар бор.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котибияти душанба кунидан бошлаб барча йўналишларда, жумладан, Ливанда ҳарбий ҳаракатлар батамом тўхтатилишини маълум қилди.

Эрон ташқи ишлар вазирининг ҳуқуқий ва халқаро масалалар бўйича ўринбосари Козим Ғарибободийнинг айтишича, 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш даврида томонлар кенгроқ келишувлар тўпламини, жумладан, санкцияларни бекор қилиш ва музлатилган активларни блокировкадан чиқаришни муҳокама қилиш ниятида.

Шунингдек ўқинг

Ушбу келишувга Вашингтон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар сақланиб қолаётган бир пайтда эришилди. Келишув эълон қилинишидан сал аввал Исроил Ливан ҳудудига зарба бергани Эрон ва АҚШнинг танқидига сабаб бўлди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу аввалроқ Исроилнинг Ливандаги ҳарбий ҳаракатларини чеклаш масаласида АҚШ маъмурияти билан бир неча бор келиша олмаган эди. Исроил ОАВ маълумотларига кўра, 14 июнь куни Дональд Трамп у билан телефон орқали мулоқот чоғида музокаралар бориши ҳақида хабардор қилган.

Америка етакчиси “The New York Times” нашрига берган интервьюсида Биньямин Нетаньяҳуни “жуда мураккаб одам” деб атади ва у Эронда ядровий қурол пайдо бўлишининг олдини олгани учун АҚШдан миннатдор бўлиши кераклигини таъкидлади.

Бир қатор жаҳон етакчилари эришилган келишувни олқишлади. Буюк Британия, Германия, Франция ва Италия Эроннинг ядровий дастурини чеклаш бўйича “аниқ ва текшириладиган қадамлар”ига жавобан унга қарши санкцияларни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Меморандумни имзолаш бўйича расмий маросим 19 июнь куни Швейцарияда ўтказилиши режалаштирилган. Бунгача томонлар ҳужжатнинг якуний матнини тайёрлаш учун бир қатор техник маслаҳатлашувлар ўтказишни ният қилмоқда.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш