Ўзбекистон дипломатлари кўмагида мамлакатимиз православ зиёратчилари Қуддусда Муқаддас олов тушиши маросимида иштирок этиб, уни Тошкентга олиб келишди
Апрель 12, 2026. 10:46 • 2 дақ
• 184
ТЕЛЬ-АВИВ, 12 апрель. /«Дунё» АА/. Тошкент ва Ўзбекистон епархияси делегацияси Қуддусда Муқаддас олов тушиш маросимида иштирок этди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА муҳбири.
Жорий йилнинг 10-11 апрель кунлари митрополит Викентий бошчилигида Православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё епархияси делегацияси Қуддус шаҳрига ташриф буюриб, Қуддусдаги Илоҳий қабр ибодатхонасида (Храм гроба господня) бўлиб ўтган Муқаддас олов тушиш маросимида иштирок этди.
Ушбу нуфузли диний тадбирда делегациянинг иштироки миллатлар ва конфессиялар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, мулоқот ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Қуддусда бўлиб ўтган тадбирлар доирасида митрополит Викентий ушбу сафарнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
«Ушбу эзгу миссияни ташкил этишда кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон раҳбариятига самимий миннатдорчилик билдираман. Бугунги мураккаб шароитда бу каби кўмак алоҳида аҳамият касб этиб, халқлар ўртасидаги маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлайди», – деди митрополит Викентий.
Муқаддас олов тушиш маросими ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб зиёратчиларни жамлаб, маънавий бирлик ва умид тимсоли сифатида қадрланади.
Ўзбекистонга қайтиб келгач, Муқаддас олов мамлакатдаги черковларга етказилди ва православ мўъминлар ушбу муқаддас нурдан шамларини ёқиб, Пасха анъаналарини давом эттиришлари мумкин бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси