USAID харажатларининг қисқартирилиши кейинги беш йилда 14 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлиши мумкин
Июль 02, 2025. 12:24 • 2 дақ
• 51
ВАШИНГТОН, 2 июль. /"Дунё" АА/. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг хорижий гуманитар ёрдам учун мўлжалланган маблағларни қисқартириш тўғрисидаги қарори 2030 йилгача 14 миллиондан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"The Lancet" тиббиёт журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, эрта ўлим хавфи остида бўлган 14 миллион кишининг учдан бир қисмини болалар ташкил этади.
"Кам ва ўрта даромадли мамлакатлар глобал пандемия ёки йирик қуролли можаролар оқибатида юзага келган инқироз даражасидаги хавфга дуч келиши мумкин", – деди Барселона глобал соғлиқни сақлаш институти тадқиқотчиси, профессори Дэвид Рассел.
Март ойида АҚШ давлат котиби Марко Рубио АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) дастурларининг 80 фоиздан ортиғи бекор қилинганини маълум қилган эди. Бутун дунёдаги гуманитар ташкилотлар томонидан қораланган мазкур баҳсли қисқартиришлар, ўша пайтда Ҳукумат самарадорлиги департаментига (DOGE) раҳбарлик қилган миллиардер Илон Маск томонидан назорат қилинган.
USAID дастурларининг қисқартирилиши "Аҳолининг заиф қатлами ўртасида кузатилаётган соғлиқни сақлаш соҳасидаги йигирма йиллик тараққиётни кескин тўхтатиб қўйиши ва ҳатто ортга қайтиш хавфини оширади", – дейилади тадқиқот гуруҳи баёнотида. Шунингдек, USAID 2001 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда ривожланаётган мамлакатларда 90 миллиондан ортиқ ўлимнинг олдини олишга кўмаклашгани ҳам қайд этилган.
"The Lancet" баёноти ўнлаб жаҳон етакчилари шу ҳафта Испаниянинг Севилья шаҳрида БМТ шафелигида ўтаётган сўнгги ўн йилликдаги энг йирик ёрдамчи саммитга йиғилган бир пайтда эълон қилинди.
Дунёдаги энг йирик гуманитар ёрдам етказиб берувчи ҳисобланган АҚШ 60 дан ортиқ мамлакатда, асосан пудратчилар орқали фаолият юритади. Ҳукумат маълумотларига кўра, 2023 йилда улар халқаро ёрдамга 68 миллиард доллар сарфлаган.
"USAID глобал ёрдам тизимининг ажралмас қисми ҳисобланарди. Президент Дональд Трамп харажатларни қисқартириш ҳақида эълон қилганидан сўнг, бошқа мамлакатлар, жумладан Буюк Британия, Франция ва Германия ҳам унинг ортидан эргашди", –дея қайд этади "BBC" телеканали.
"Reuters"агентлиги олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Буюк Британия билан янги авиақатновлар йўлга қўйилди
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда