АҚШ ва Канада савдо музокараларини келишувсиз якунлади

Август 22, 2026. 12:30 • 2 дақ

171
АҚШ ва Канада савдо музокараларини келишувсиз якунлади

ВАШИНГТОН–ОТТАВА, 22 август. /“Дунё” АА/. АҚШ ва Канада ўртасидаги навбатдаги савдо музокаралари келишувсиз якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 “Axios” ахборот портали хабар беришича, Вашингтон Канададан импорт қилинадиган қатор товарларга, айрим ҳолларда 50 фоизгача бўлган божларни жорий этган.

Шундан сўнг, Канада Бош вазири Марк Карни музокараларни вақтинча тўхтатишга қарор қилинганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бунга АҚШ томонидан келишув шартларига сўнгги дақиқада киритилган адолатсиз ва иқтисодий жиҳатдан асоссиз ўзгартишлар сабаб бўлган.

АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир эса музокараларни якунлашдан айнан Канада бош тортганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Оттава аввал келишилган шартларга нисбатан янги талабларни илгари сурган ва бир қатор мажбуриятларидан чекинган.

Қайд этилишича, тарифлар Канададан АҚШга олиб кириладиган вино, сут, цемент ва кийим-кечак маҳсулотлари ҳамда хоккей жиҳозларини қамраб олган. Бироқ Канаданинг асосий экспорт маҳсулотлари — энергетика ресурслари, калийли ўғитлар ва стратегик аҳамиятга эга минераллар янги божлардан озод этилган.

Шунингдек ўқинг

Оттава бунга жавобан АҚШ товарларига “долларга доллар” тамойили асосида божлар жорий этишини билдирди.

Аввалроқ томонлар АҚШнинг Канада пўлати ва алюминийига нисбатан 50 фоизлик тарифларини 25 фоизгача, автомобилларга нисбатан 25 фоизлик божларни эса 15 фоизгача пасайтириш масалаларини муҳокама қилган эди. Савдо музокаралари Президент Дональд Трамп маъмуриятининг тариф сиёсати фонида бир йилдан ортиқ вақт давом этди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг биринчи ярмида АҚШ ва Канада ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 376 миллиард долларни ташкил этган. Шу билан бирга, Канада Мексикадан кейин АҚШнинг иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.

Айни пайтда Вашингтон Мексика билан ҳам савдо музокараларини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш