Logo

“Hello Magyar”: 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 43,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди

Январ 06, 2026. 18:42 • 2 дақ

646
“Hello Magyar”: 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 43,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди

БУДАПЕШТ, 9 январь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Hello Magyar” нашрида Ўзбекистон Президентининг парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномасига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон етакчиси Мурожаатномада асосий эътиборни мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли фаровонлигини ошириш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини кучайтириш масалаларига қаратган. Ўзбекистон раҳбари айнан иқтисодиёт, ривожланиш барқарорлиги ва ўсиш сифати мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи имкониятларини белгилаб беришини аниқ таъкидлади.

Мақола муаллифининг сўзларига кўра, мураккаб ва парчаланган ташқи муҳитга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. 2025 йилда мамлакат тарихида илк бор ЯИМ ҳажми 145 миллиард АҚШ долларидан ошди, ҳолбуки, бор-йўғи тўққиз йил аввал 100 миллиард долларлик маррага эришиш жуда юқори кўрсаткич сифатида қабул қилинган эди.

Глобал таъминот занжирларидаги узилишларга қарамасдан, экспорт 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етди. 2025 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш 85 миллиард киловатт-соатни ташкил этди, олтин-валюта захиралари эса 60 миллиард доллардан ошди. Мамлакат иқтисодиётига 43,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Президенти белгилаб берган яна бир стратегик устувор йўналиш — ички талабни рағбатлантиришдир. Экспертнинг сўзларига кўра, ички бозорни ривожлантириш барқарор ўсишнинг асосий манбаи сифатида қаралмоқда. Бу аҳоли даромадларини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда молиявий инструментлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни ўз ичига олади.

Мурожаатномада касбларни ривожлантириш ва меҳнат бозорининг янги архитектурасини шакллантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Президент касбий таълим тизимини модернизация қилиш, янги компетенцияларни ривожлантириш ва замонавий иқтисодиёт талабларига жавоб берадиган мослашувчан, адаптив меҳнат бозорини шакллантириш вазифаларини белгилаб берди.

Шу билан бирга, экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳим йўналиш сифатида белгиланди. Барқарор ривожланишга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, энергия ва сув самарадорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш стратегик вазифалар сифатида кўрилмоқда. Экология ва “яшил” энергетика бугун миллий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш омили ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш