Logo

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Россия элчиси билан учрашди

Ноябрь 12, 2025. 23:22 • 53 сония

276
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Россия элчиси билан учрашди

ТОШКEНТ, 12 ноябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россия элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 17-октабрдаги 367-сонли «Чет элда меҳнат фаолияти жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон фуқароларининг Россияда меҳнат фаолиятини тартибга солиш, шунингдек, меҳнат миграцияси билан боғлиқ жараёнларни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар «пилот лойиҳа»ни қайта йўлга қўйиш, жумладан, миграция тартиб-таомилларини, тиббий кўрикни ҳамда рус тили имтиҳонини Тошкент ва Жиззахдаги Россия олий ўқув юртлари филиалларига кўчириш, рус тили, тарихи ва қонунчилиги бўйича ўқув марказларини ташкил этиш масалаларида фикр алмашдилар. Шунингдек, касбий таълим тизимида ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш ходимларини тайёрлашга Россиядан мутахассисларни жалб этиш муҳокама қилинди.

Учрашувда миграция рейдлари давомида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари бузилмаслиги ва камситилмаслиги зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар меҳнат миграциясига оид масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ доирасида мунтазам учрашувлар ўтказиб бориш юзасидан келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш