Ўзбекистон ТИВ делегацияси Сингапурда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказди
Февраль 22, 2024. 17:58 • 2 дақ
• 251
ТОШКЕНТ, 22 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ТИВ делегациясининг шу йил 19-20 февраль кунлари Сингапурга амалга оширган ташрифи доирасида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг 3-давраси бўлиб ўтди ҳамда Саноат ва савдо вазирлиги, Сингапур Бизнес федерацияси, «Indorama Corporation» ва «Wilmar International» компанияларида учрашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ва Сингапур ташқи ишлар вазири ўринбосари Кевин Чок бошчилик қилди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигининг ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. 2023 йилнинг январь ойида Сингапурга ва май ойида Ўзбекистонга амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ижросини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Сингапур томони Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва қонунчилик соҳасини такомиллаштириш, миллий иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мавжуд салмоқли салоҳиятни рўёбга чиқаришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани тасдиқланди.
Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш умумий кун тартибидаги барча соҳалардаги алоқаларни фаоллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Маданий-гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини жадаллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
БМТ ва бошқа халқаро институтлар доирасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Савдо ва саноат вазирлиги ҳамда Сингапур Бизнес федерациясида бўлиб ўтган учрашувларда икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, жумладан, миллий маҳсулотлар кўргазмалари, семинарлар ва иқтисодий салоҳият тақдимотлари ташкил этиш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси кўмагида «Ўзбекистон Республикасининг Тошкент вилоятида мегазавод ва дистрибьюторлик хабини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномаси» имзоланди. Лойиҳа Тошкент вилоятида «Willmar International Limited» компаниясининг тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобига қиймати 100 миллион доллар бўлган ун маҳсулотлари, ўсимлик мойлари ва юқори оқсилли озуқалар ишлаб чиқарувчи мегазаводни қуришни назарда тутади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ЕИ билан фуқароларимиз учун виза тартибини соддалаштириш бўйича музокара ўтказди
Тошкентда Ўзбекистон-Бразилия сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи илмий ва инновацион соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари БАА Меҳмондўстлик академиясига ташриф буюрди