Ўзбекистон делегацияси Токиодаги ватандошлар билан учрашув ўтказди
Май 28, 2026. 19:25 • 2 дақ
• 113
ТОКИО, 28 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президентининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори доирасида жорий йил 27 май куни Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида хайрия тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров, ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев, Япониядаги элчимиз Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ва 30 га яқин Японияда фаолият олиб бораётган ва таълим олаётган ватандошлар иштирок этди.
Учрашув аввалида сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан яқин алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий қадриятлар ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хориждаги ватандошлар учун яратилган қулайликлар, жумладан, консуллик хизматларини такомиллаштириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Тадбир давомида Япония компанияларида фаолият юритаётган ватандошлар билан мамлакатимизга инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш, қўшма лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунларига кўра, ватандошлар билан очиқ мулоқот ташкил қилиниб, уларнинг фикр ва таклифлари эшитилди ҳамда қизиқтирган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




