Logo

Ўзбекистон Уганда билан дипломатик муносабатлар ўрнатди

Январ 20, 2024. 13:07 • 52 сония

298
Ўзбекистон Уганда билан дипломатик муносабатлар ўрнатди

ТОШКЕНТ, 20 январь. /«Дунё» АА/. 18 январь куни Кампала шаҳрида Ўзбекистон ва Уганда ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев ва Уганда ташқи ишлар вазири Жеже Одонго имзолади.

Суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.

Уганда ТИВ раҳбари Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш устувор йўналиш этиб белгиланган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан халқаро миқёсда илгари сурилаётган ташаббусларни расмий Кампалада юқори баҳолашларини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 15 июнь куни Нью-Йоркда (АҚШ) Ўзбекистон Республикаси ҳамда Тринидад ва Тобаго Республикаси ўртасида дипломатия муносабатларини ўрнатиш бўйича Қўшма коммюнике имзоланган эди. Бу Ўзбекистон дипломатия муносабатларини ўрнатган 144-мамлакат бўлди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев бошчилигидаги делегация Уганда пойтахтида Қўшилмаслик ҳаракатининг вазирлар йиғилишида иштирок этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш