Logo

Миср ОАВ: Ўзбекистон ЮНEСКОнинг Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенциясига қўшилиши мумкин

Октябрь 29, 2025. 08:23 • 2 дақ

81
Миср ОАВ: Ўзбекистон ЮНEСКОнинг Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенциясига қўшилиши мумкин

ҚОҲИРА, 29 октябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "Сада ал-Балад" ахборот агентлиги "Ўзбекистон ва ЮНEСКО: таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликнинг янги босқичи" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё"АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон ЮНEСКО билан ҳамкорлик жараёнида таълим, фан ва спорт соҳаларидаги халқаро меъёр ва тамойилларни изчил тарзда амалга жорий этиб келмоқда.

"Айни пайтда мамлакат ЮНEСКОнинг Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенциясига қўшилиш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда. Ушбу конвенция халқаро таълим тизимини яқинлаштириш, диплом ва малакаларни ўзаро эътироф этиш, талабалар ва олимлар мобиллигини кенгайтиришни кўзда тутади", – деб ёзилган нашрда.

Таъкидланишича, 2021 йил 10 декабрь куни Тошкент шаҳрида "Олий таълим соҳасидаги малакаларни тан олиш тўғрисидаги Конвенцияни қабул қилиш ва жорий этиш мақсадида манфаатдор томонлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш" мавзусида юқори даражадаги мутахассислар учрашуви бўлиб ўтган. Унда миллий ва халқаро экспертлар, давлат органлари ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистоннинг мазкур конвенцияга қўшилиши олий таълим тизимини халқаро маконга янада интеграциялаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаганлар.

ЮНEСКОнинг "Delta Framework" дастури асосида эндиликда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича миллий компетенциялар шакллантирилмоқда. Ушбу янгиликлар асосида пилот таълим муассасалари педагоглари учун махсус ўқув курслари ташкил этиш режалаштирилган. Бу ташаббус нафақат таълим тизимини модернизация қилиш, балки қишлоқ ҳудудларида барқарор ривожланиш, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар етишиб чиқиши ва ёшларнинг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилади.

"ЮНEСКОнинг эзгу шиорида айтилганидек, "Тинчликни таълим, фан ва маданият орқали мустаҳкамлаш" – Янги Ўзбекистон олиб бораётган сиёсатнинг ҳам маънавий, ҳам амалий мазмунини ифода этади. Мамлакат ана шу йўлда изчил қадам ташлаб, илм ва маърифат орқали тинчлик, тараққиёт ва барқарор келажак сари интилиб бормоқда", – деб ёзилган мақола хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш