Покистон ОАВ: Тошкент VIII халқаро марафонни қабул қилади
Апрель 05, 2026. 12:35 • 2 дақ
• 73
ИСЛОМОБОД, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan in the World”, “News Network Pakistan”, “The World News” ва “Infora News” нашрларида шу йил 5 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган VIII Тошкент халқаро марафонига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда Тошкент шаҳрида шу йил 5 апрель куни Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан анъанавий VIII Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтиши маълум қилиган.
Материалда қайд этилишича, саккизинчи бор ташкил этилаётган мазкур нуфузли спорт тадбири бугунги кунда мамлакатимиздаги энг йирик оммавий мусобақалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
“Ташкилотчилар маълумотига кўра, жорий йилги марафонда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 15 минг нафардан зиёд иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Бу эса мусобақанинг халқаро миқёси йил сайин кенгайиб бораётганини кўрсатади. Марафон халқаро енгил атлетика бошқарув органи – World Athletics томонидан бериладиган “World Athletics Label” мақомига эга. Ушбу мақом мусобақада қайд этилган натижалар расман тан олинишини таъминлайди ҳамда спортчилар учун рейтинг ва саралаш жараёнларида муҳим аҳамият касб этади”, – деб таъкидланган мақолада.
Покистон ОАВ ёзганидек, марафон дастуридан 42 километрлик классик марафон, 21 километрлик ярим марафон, 10 ва 5 километрлик оммавий югуриш йўналишлари ўрин олган. Ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида алоҳида мусобақалар ташкил этилиши режалаштирилган. Унда профессионал спортчилар билан бир қаторда ҳаваскор югуриш ишқибозлари ҳам иштирок этиши мумкин.
Мусобақанинг очилиш маросими 4 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Ҳумо Арена” мажмуасида бўлиб ўтади. 5 апрель куни эрталаб 42 километрлик масофага старт берилади. Кейинчалик 21, 10 ва 5 километрлик йўналишлар бўйича беллашувлар ўтказилади. Ғолиб ва совриндорлар тақдирлангач, марафоннинг ёпилиш маросими ташкил этилади.
“VIII Тошкент халқаро марафони соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оммавий спорт ҳаракатини кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади”, – дея ёзилган мақолаларда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси