Logo

Варшава шаҳрида Ўзбекистон-Польша олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди

Май 01, 2025. 19:22 • 59 сония

68
Варшава шаҳрида Ўзбекистон-Польша олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди

ВАРШАВА, 1 май. /"Дунё" АА/. Польшанинг "Perspektywy" фонди расмий сайтида Варшава шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Польша олий таълим муассасалари ректорларнинг иккинчи форуми якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг Самарқандда бўлиб ўтган тарихий учрашувидан икки ҳафта ўтиб Варшавада Польша ва Ўзбекистон ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди", – дейилган нашрда.


Маълум қилинишича, унда Польша ва Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ университетларидан вакиллар иштирок этди. Ўзбекистон делегациясига фан, олий таълим ва инновациялар вазирнинг ўринбосари, профессор Сарвархон Бузрухонов бошчилик қилди.


Таъкидланишича, форум икки томон учун жуда самарали бўлиб ўтди. Анжуман томонларнинг ҳамкорлик ҳақида гапиришдан уни амалий амалга оширишга ўтганини тасдиқлади.


Иштирокчилар университетларнинг фан ва таълим интеграцияси, илмий тадқиқотлар яқинлашуви борасидаги Ўзбекистон ва Польша тажрибасини муҳокама қилиб, таълим сифатини таъминлаш, билимларни баҳолаш ва самарали бошқарув масалалари бўйича тажриба алмашдилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Польша олий таълим муассасалари ўртасидаги халқаро алоқалар хусусиятлари бўйича фикрлар тингланиб, ҳамкорликдаги истиқболли режалар кўриб чиқилди.


"Ўзбекистон томони икки мамлакат ректорларининг навбатдаги форумини 2026 йил апрель ойида Бухоро шаҳрида ўтказишни таклиф қилди", – дея маълум қилган "Perspektywy" фонди сайти.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш