Хитой оммавий ахборот воситаларида IV Тошкент халқаро инвестиция форуми мавзуси
Июнь 11, 2025. 17:01 • 2 дақ
• 41
ПЕКИН, 11 июнь. /"Дунё" АА/. "Китай" журналида жорий йилнинг 9-12 июнь кунлари бўлиб ўтаётган IV Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ)га бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

Нашр аввалида бугун Ўзбекистон пойтахтида етакчи халқаро инвесторлар, ҳукуматлар, молия институтлари ва бизнес вакилларини бирлаштирган минтақавий сармоявий кун тартибидаги муҳим воқеа – IV Тошкент халқаро инвестиция форуми бошлангани маълум қилинган.
"2025 йилги форум мисли кўрилмаган кенг кўламли форматда ўтказилмоқда: энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, кончилик, рақамли технологиялар ва бошқа соҳалар каби стратегик муҳим тармоқлардаги инвестиция лойиҳалари халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилмоқда", – дейилади материалда.
Анжуман халқаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда самарали платформа ҳисобланади. Жорий йилги форумда Болгария Президенти Румен Радев, Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Туркманистон Бош вазирининг ўринбосари Нокергули Атагулиев ва энг йирик молия институтлари раҳбарлари – Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо ва Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф иштирок этмоқда.
Маълум қилинишича, бу йил форумга 8 мингдан ортиқ делегатлар, жумладан, 100 га яқин давлатдан 3 мингга яқин хорижлик меҳмонлар ташриф буюрган. Бундай вакиллик жадал ривожланаётган сармоявий юрисдикция сифатида Ўзбекистонга ишонч ва қизиқишнинг юксаклигини таъкидлайди.
"Форумнинг асосий тадбири Ўзбекистоннинг биринчи миллий саноат ва инвестиция салоҳияти кўргазмаси бўлиб, унда нефт-кимё, машинасозлик, қурилиш саноати ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш каби жадал ривожланаётган 10 дан ортиқ соҳалардан 90 та компания намойиш этилади. Кўргазма инвесторларга Ўзбекистондаги ҳамкорликка тайёр бўлган салоҳият ва лойиҳалар ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун ноёб имконият яратади", – деб таъкидланган манбада.
Қайд этилишича, форум 31 давлатдан аккредитациядан ўтган 114 нафар журналист ва медиа экспертлари томонидан кенг ёритиб бориляпти. Улар орасида жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари – CNN (АҚШ), Euronews (ЕИ), "The Guardian" (Буюк Британия), "ZDF" (Германия), "Al Jazeera" ва "Doha News" (Қатар), "Diplomat Magazine" (Нидерландия), "EU Reporter" (Бельгия), "Daily Times" (Покистан) вакиллари бор.
"IV ТХИФ бир неча кун давом этади ва панель муҳокамалари, лойиҳалар тақдимотлари, икки томонлама учрашувлар ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан сармоявий шериклигини янада мустаҳкамлашга қаратилган шартномалар имзоланишини ўз ичига олади", – дейилади манбада.
"Китай" журнали, шунингдек, жорий йилда форум ҳомийлари рўйхати сезиларли даражада кенгайганини, бу эса етакчи компаниялар ва инвестиция ташкилотларининг тадбирга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди