Хорижий ОАВ: Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишида асосий драйверга айланмоқда
Ноябрь 20, 2025. 15:11 • 2 дақ
• 77
АР-РИЁЗ, 20 ноябрь. /"Дунё" АА/. Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувларида илгари сурилган ташаббуслар ва кенг кўламли ислоҳотлар халқаро медиамайдонда катта қизиқиш уйғотмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, Иорданиянинг "Nayrouz" ҳамда Саудия Арабистонининг "Nabd al Hadath" нашрларида эълон қилинган мақолаларда Марказий Осиёдаги янгиланган ҳамкорлик модели, Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция жараёнларидаги фаол роли ҳамда иқтисодий ва экологик барқарорлик бўйича амалий ташаббуслари кенг ёритилди. Мақола муаллифлар таъкидлаганидек, еттинчи маслаҳат учрашувлари минтақанинг умумий саноат сиёсати, инвестицион муҳити ва логистика занжирларини ривожлантиришда асосий механизмга айланди.
Нашрларнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан савдо айланмаси барқарор ўсишда давом этмоқда. Қозоғистон билан 2025 йилнинг тўққиз ойида товар айирбошлаш ҳажми салкам 3,5 миллиард долларга етди. Қирғизистон билан 673 миллион доллар, Тожикистон билан 571 миллион доллар, Туркманистон билан эса 750 миллион долларга яқин савдо айланмаси амалга оширилди.
Ушбу рақамлар динамикаси минтақада саноатлаштириш, қўшма ишлаб чиқариш ва инвестицияларни рағбатлантириш бўйича улкан имкониятлар яратилаётганидан далолат беради.
Шунингдек, хорижий ОАВда ЮНЕСКОнинг "Ғарбий Тянь-Шань" ва "Турон чўллари" трансчегаравий лойиҳалари, ШҲТ, IFAS, CAREC ва "Марказий Осиё учун Blue Peace" доирасидаги ташаббуслар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. 2024 йилда ташкил этилган Марказий Осиёдаги биринчи эко-университет – "Green University" минтақада барқарор ривожланиш ва экологик таълим бўйича илмий марказ сифатида муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро нашрлар фикрига кўра, Марказий Осиё давлатлари ўзаро ишонч, прагматизм ва умумий манфаатларга таянган янги интеграция моделини шакллантирмоқда. Ўзбекистон эса инвестиция ва саноат ҳамкорлиги, транспорт-логистика алоқалари ҳамда экологик ташаббусларни амалга оширишдаги етакчилик роли орқали минтақада асосий драйверларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси