Logo

МАГАТЭ: Марказий Осиё минтақаси музликларни сақлаш бўйича етакчилик қилмоқда

Октябрь 07, 2025. 10:22 • 2 дақ

48
МАГАТЭ: Марказий Осиё минтақаси музликларни сақлаш бўйича етакчилик қилмоқда

 ВЕНА, 7 октябрь. / "Дунё" АА/. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Ўзбекистон олимлари ва мутахассисларининг минтақавий лойиҳалардаги фаол иштирокини юқори баҳолаб, музликларни сақлаш бўйича глобал муаммони ҳал этишда Марказий Осиёнинг роли ортиб бораётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

МАГАТЭ журналида эълон қилинган мақолада қайд этишича, Марказий Осиё ва бошқа тоғли ҳудудлардаги музликлар мисли кўрилмаган даражада эришиб, сув айланишининг ўзгаришига, чучук сув захираларининг камайишига, экотизимлар ва иқтисодиётларга таҳдид солмоқда.

"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йилда бўлиб ўтган олтинчи Марказий Осиё давлатлари раҳбари саммитида сўзлаган нутқида глобал иқлим ўзгариши оқибатлари минтақанинг барча мамлакатларида аллақачон сезилаётганини таъкидлади, – дейилади мақолада. – Ҳароратнинг кўтарилиши, музликларнинг эриши, сув тошқинлари, қурғоқчилик ва чанг бўронлари ижтимоий-иқтисодий тараққиётга жиддий зарар етказаётгани ва фаол, ҳамкорликда ҳаракат қилишни талаб қилади".

Таъкидланишича, Марказий Осиё давлатлари ўртасида МАГАТЭ кўмагида минтақавий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Агентлик кўмагида минтақа давлатлари сув таҳлили лабораториялари глобал тармоғи (GloWAL) доирасида минтақавий тармоқ бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишда иштирок этмоқда.

"Ўзбекистон сувдан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган ушбу минтақавий ташаббусларда фаол иштирок этмоқда. Мамлакат МАГАТЭнинг қор қоплами ва тоғ музликларини ўрганишга қаратилган янги мувофиқлаштирилган тадқиқот лойиҳасида иштирок этмоқда", – дейилган манбада.

Нашрда, шунингдек, музликларни сақлаш глобал муаммосини ҳал этишда Марказий Осиёнинг роли ортиб бораётгани, сувдан барқарор фойдаланиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга қаратилган минтақавий лойиҳаларни амалга оширишда МАГАТЭ ҳиссаси ва ўзбекистонлик олимлар ҳамда мутахассисларнинг фаол иштирокининг муҳимлиги таъкидланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш