Logo

Ўзбекистоннинг Биринчи хоними онкология соҳасида дунёдаги энг нуфузли 100 нафар аёл рўйхатига киритилди

Ноябрь 08, 2025. 18:16 • 2 дақ

134
Ўзбекистоннинг Биринчи хоними онкология соҳасида дунёдаги энг нуфузли 100 нафар аёл рўйхатига киритилди

ТОШКЕНТ, 8 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл рўйхатига киритилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири давлатимиз раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг telegram-каналига таяниб.

"OncoDaily" халқаро платформаси саратон касаллигига қарши кураш бўйича жаҳон кун тартибини белгиловчи етакчиларни ўз ичига олган "Онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл" рейтингини эълон қилди, - дейилади хабарда. -

Улар орасида Ўзбекистон Биринчи хоними, "Замин" халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ҳам бор.

Экспертлар Зироат Мирзиёеванинг болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ташаббусларини илгари суриш, болалар онкологияси соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, оғир касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини ошириш бўйича глобал ҳаракатни қўллаб-қувватлашдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлаган.

Зироат Мирзиёева 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва "St. Jude" тадқиқот шифохонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат" номли муҳим форумга раислик қилди ҳамда жаҳон ҳамжамиятини саратон касаллигига чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини ошириш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

Унинг фаолиятида бутун дунё бўйлаб, айниқса яшовчанлик кўрсаткичлари сезиларли даражада паст бўлган мамлакатларда болаларга тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишни таъминлаш масалалари алоҳида ўрин эгаллайди. У миллий стратегияларни 2030 йилга бориб саратон касаллигига чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини 60 фоизга етказишдек халқаро мақсадлар билан боғлаш орқали Ўзбекистоннинг глобал соғлиқни сақлаш сиёсатидаги ўрнини мустаҳкамлади", - дейилади рейтингда.

Зироат Мирзиёеванинг халқаро рейтингга киритилиши унинг юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашни миллий ва глобал даражада кучайтиришга қўшган шахсий ҳиссасининг эътирофи, шу билан бирга, Янги Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигининг тасдиғидир".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш