Испаниядан муносабат: Ўзбекистон Президенти ташаббуслари нафақат ШҲТ нуфузини мустаҳкамлаш, балки бутун Евроосиё маконини ривожлантиришнинг янги йўналишларини белгилашга қодир
Сентябрь 03, 2025. 04:36 • 3 дақ
• 66
МАДРИД, 3 сентябрь. /"Дунё" АА/. Сан Пабло университети профессори Марказий Осиё минтақаси бўйича мутахассис Антонио Алонсо (Испания) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 31 август – 1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги мазмунли ва серқирра нутқи учун чуқур ҳурмат ва миннатдорлик билдираман. Унинг ҳар бир таклифи нафақат декларатив, балки амалий характерга эга бўлиб, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган.
Аввало, Ўзбекистон Президентининг хавфсизлик соҳасидаги ташаббусларини алоҳида таъкидлаш жоиз. ШҲТнинг Ядро хавфсизлиги бўйича декларациясини қабул қилишга чақириқ Ўзбекистоннинг глобал барқарорлик масалалари бўйича масъулиятли позициясини акс эттиради. Бу нафақат БМТ шафелигида ядровий қуролларни тарқатмаслик режимини мустаҳкамлайди, балки барқарор тараққиёт манфаатлари йўлида тинч атом энергетикасини ривожлантириш учун замин яратади.
Бундан ташқари, "ШҲТ-Афғонистон" мулоқот гуруҳи фаолиятини қайта тиклаш таклифи стратегик аҳамиятга эга. Ушбу мулоқот гуруҳи ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқиш ва афғон жамияти билан мулоқот қилиш имконини беради, бу эса, шубҳасиз, минтақанинг умумий хавфсизлигига таъсир қилади.
Иккинчидан, иқтисодиёт ва инновациялар соҳасидаги таклифлар ниҳоятда муҳим аҳамият касб этди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муҳим материаллар минтақавий маркази, энергетика консорциуми ва венчур компаниялар тармоғининг ташкил этилиши илмий-техникавий тараққиётнинг тубдан янги истиқболларини очади. Бу қадамлар ШҲТни ҳақиқий саноат кооперацияси ва технологик ютуқ платформасига айлантиради. "ШҲТ Ягона транспорт маконини" шакллантириш ва уни "Бир макон, бир йўл" ташаббуси билан уйғунлаштиришга қаратилаётган эътибор минтақанинг логистикавий ўзаро боғлиқлигини узоқни кўзлаб тушунишни акс эттиради ва савдонинг барқарор ўсиши учун замин яратаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Учинчидан, гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги ташаббуслар ҳам аҳамиятли кўринмоқда. Халқаро халқ ижодиёти фестивалини ўтказиш, "ШҲТ университети"нинг онлайн-кампусини ишга тушириш, сайёҳлик йўлагини ривожлантириш ғоялари эътирофга лойиқ. Булар "халқ дипломатия" институтини мустаҳкамловчи, билим, маданий бойликлар алмашинуви учун шарт-шароит яратувчи ва иштирокчи давлатлар ўртасида чинакам ҳамжиҳатлик туйғусини шакллантирадиган лойиҳалардир.
Президент Шавкат Мирзиёев нутқида халқаро вазиятнинг чуқур таҳлили ва амалий ечимлар узвий мужассамлашганини алоҳида таъкидламоқчиман. У замонамизнинг асосий муаммолари – ўзаро ишонч инқирози, кўп томонлама институтларнинг заифлашуви, жаҳон иқтисодиётининг парчаланишини тўғри белгилаб берди ва уларни бартараф этишнинг аниқ йўлларини таклиф қилди.
Шу тариқа Ўзбекистон Президенти узоқни кўра олиш, сиёсий етуклик, адолат ва ҳамжиҳатлик ғояларига садоқатини намоён этди. Унинг ташаббуслари нафақат ШҲТнинг асосий халқаро ташкилот сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш, балки бутун Евроосиё маконини ривожлантиришнинг янги йўналишларини белгилашга қодир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари