Барселонада “Улуғ Амир ва Донна Мария” фильми премьераси бўлиб ўтди
Апрель 30, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 278БАРСЕЛОНА, 30 апрель. /“Дунё” АА/. Испаниянинг Барселона шаҳрида “Cinemes Girona” кинотеатрида “Улуғ Амир ва Донна Мария” бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тақдимот Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимиз Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда Испания ва Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайдиган “Casa Asia” ташкилоти кўмагида ташкил этилди.
Кино намойиши майдонининг танланиши тасодифий эмас: “Cinemes Girona” кинотеатри Европа ва муаллифлик киносига ихтисослашган, мунтазам равишда халқаро кинолойиҳалар ва тематик намойишларни қабул қилувчи шаҳарнинг кўзга кўринган маданий жойларидан бири ҳисобланади.
Премьерада дипломатик корпус, маданий ҳамжамият ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Асар Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро лойиҳа доирасида намойиш этилди.
Сценарий муаллифи, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоновнинг таъкидлашича, фильм устида халқаро мутахассислар жамоаси иштирокида бир неча йил давомида иш олиб борилган. Унинг сўзларига кўра, премьера айнан Испанияда ўтказилиши алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларни, жумладан, Кастилия элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур саройига ташрифини рамзий маънода акс эттиради.
Фильм тарихий асосни бадиий талқин билан уйғунлаштириб, эркинлик, инсон қадр-қиммати ва маданиятлар мулоқоти мавзуларини кўтаради.
Тарихий хотиранинг аҳамияти ва унинг шахсга таъсирини очиб берувчи замонавий сюжет чизиғи ҳикояга қўшимча теранлик бағишлайди.
Намойиш кўтаринки руҳда ўтди ва томошабинлар орасида катта қизиқиш уйғотди. Томошабинлар фильм мазмуни, актёрлик маҳорати, ғояларнинг долзарблигини алоҳида эътироф қилди.
Тадбир сўнггида меҳмонлар норасмий шаклда мулоқотни давом эттирди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбек кинематографистларининг “Буюк Амир ва Донна Мария” бадиий фильмининг премьераси бундан олдин Испания пойтахтида бўлиб ўтган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


