Logo

Минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш – Марказий Осиёнинг мустақил, барқарор ва таъсирчан макон сифатидаги келажак пойдеворидир

Январ 04, 2026. 11:21 • 2 дақ

295
Минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш – Марказий Осиёнинг мустақил, барқарор ва таъсирчан макон сифатидаги келажак пойдеворидир

ТОШКЕНТ, 5 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Марказий Осиё мамлакатлари учун 2025 йилдаги энг муҳим воқеаларни санаб ўтди:

– Мен Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига Ўзбекистоннинг раислик қилганини энг муҳим воқеа, деб ҳисоблайман. Бу воқеа янада яқин ҳамкорлик трендини ҳамда мамлакатларнинг биргаликда ҳаракат қилиш, умумий келажак учун масъулиятни ўз зиммасига олиш, минтақа манфаатлари йўлида ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва қарорлар қабул қилишга тайёрлигини амалда мустаҳкамлади. Сабаби оддий: минтақа мамлакатлари ҳамжиҳатликда ишласа, барча сезиларли фойда кўради – йирик иқтисодий лойиҳалардан тортиб, ишончнинг мустаҳкамланиши ва бутун минтақа барқарорлигининг ошишигача.

Келгуси даврда ушбу траектория бўйлаб ҳаракатни давом эттириш ғоят муҳимдир. Бунда минтақавий ўзликни (идентификацияни) мустаҳкамлашни асосий элемент, деб биламан. Бу Марказий Осиёни ягона бутунлик сифатида ушлаб турадиган ва унинг ҳаракат йўналишини белгилайдиган ўша ички “каркас” (асос)дир. Ўзлик компас ролини ўйнайди: у мамлакатларга устувор йўналишларни мустақил белгилаш, умумий мақсадларни шакллантириш ва очилаётган имкониятлардан максимал даражада самарали фойдаланиш имконини беради.

Бугунги кунда минтақанинг стратегик аҳамияти сезиларли даражада ошди. Марказий Осиё – бу нафақат умумий географик макон, айниқса чекка ҳудуд ёки рақобат зонаси эмас – у ўз-ўзини таъминловчи куч тугуни, тортишиш маркази ва тараққиёт истиқболларини белгилайдиган мустақил платформадир. Шаклланган ва кучли минтақавий ўзлик минтақага стратегик субъект сифатида чиқиш, ўз кун тартибини шакллантириш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва барқарор натижаларга эришиш имконини беради. Бу хавфсизликни таъминлаш, энергетика барқарорлиги ва экологик барқарорликдан тортиб, транспорт логистикаси ва саноат ҳамкорлигигача бўлган муҳим соҳаларда келишилган ҳолда ҳаракат қилиш учун шароит яратади.

Бугунги кунда минтақавий ўзликни мустаҳкамлаш – бу шунчаки рамзийлик ёки декларация эмас. Бу Марказий Осиёнинг жаҳон майдонида жараёнларга таъсир кўрсатишга, кун тартибини шакллантиришга ва ўз стратегик манфаатларини ишонч билан илгари суришга қодир бўлган мустақил, барқарор ва нуфузли макон сифатидаги келажаги пойдеворидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш