Қозоғистон Ўзбекистон билан чегара ҳудудида Саноат кооперацияси марказини ташкил этиш учун 50 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратиши мумкин
Март 15, 2025. 13:30 • 2 дақ
• 135
ОСТОНА, 20 март. /"Дунё" АА/. Қозоғистон парламенти Сенати Ўзбекистон билан чегара ҳудудида "Марказий Осиё" халқаро саноат кооперацияси марказини қуриш тўғрисидаги қонунни маъқуллади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Казинформ" халқаро ахборот агентлиги маълумотига кўра, саноат кооперацияси маркази Қозоғистоннинг "Атамекен" ва Ўзбекистоннинг "Гулистон" назорат-ўтказиш пунктлари яқинида жойлашади.
Қайд этилишича, мазкур марказ ишлаб чиқариш майдончалари, омборлар ва транспорт инфратузилмасидан иборат бўлади, бу эса юк ташишни тезлаштириш, логистика харажатларини камайтириш, таъминот занжири иштирокчилари сонини қисқартириш, шунингдек, якуний истеъмолчи учун маҳсулот таннархини пасайтириш имконини беради.
"Марказнинг умумий майдони 100 гектар этиб белгиланган. Ушбу ҳудудга минтақавий саноат зонаси мақоми берилади, – деб ёзган манба. – Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, зарур сармоялар тахминан 27 миллиард тенгени (тахминан 54 миллион АҚШ доллари) ташкил этади".
Шунингдек, материалда "Мазкур халқаро саноат кооперацияси маркази янги иш ўринлари яратиш, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика, электротехника, кимё, чарм, тўқимачилик ҳамда тикувчилик саноатида ишлаб чиқаришни ривожлантиришга кўмаклашади", – дея депутат Алишер Сатвалдиев сўзларидан иқтибос келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида депутатлар "Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида "Марказий Осиё" саноат кооперацияси халқаро маркази фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Бундан ташқари, Тошкентда Қозоғистон, Остонада эса Ўзбекистон савдо марказлари қурилиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди
АДПИ педагоглари Қирғиз–ўзбек халқаро университети фаолияти билан танишди
Марказий Осиё давлатлари коррупцияга қарши курашда минтақавий ҳамкорликни кучайтирмоқда