"Made in Uzbekistan" бренди остидаги маҳсулотларнинг сифати Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кўргазмада эътироф этилди
Май 03, 2025. 07:45 • 2 дақ
• 233
АШХОБОД, 3 май. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 29 апрель – 1 май кунлари Ашхобод шаҳрида "Халқаро савдо ва хизматлар" кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда 30 дан ортиқ мамлакатдан 350 нафардан зиёд иштирокчи, шу жумладан дипломатик корпус вакиллари ҳамда маҳаллий ва халқаро компаниялар иштирок этди.
Ўзбекистон ушбу нуфузли тадбирда "Made in Uzbekistan" бренди остида юртимизда ишлаб чиқарилаётган сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни намойиш этди. Ашхободдаги элчихонамиз кўмагида Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси томонидан мамлакатимиз экспортчи корхоналарнинг стенди ташкил этилди.
Ўзбекистон стендига Туркманистон ҳукумати аъзолари, кўплаб маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ташриф буюрди. Улар юртимиз маҳсулотларига катта қизиқиш билдириб, маҳсулотлар сифат ва дизайн жиҳатдан юқори даражада эканини алоҳида қайд этишди.
Кўргазма доирасида бир қатор муҳим учрашувлар ҳам ўтказилди. Жумладан, Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси ва Туркманистон Савдо-саноат палатаси раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, бизнес-форумлар ташкил этиш ва ҳамкорлик шартномаларини имзолаш масалаларини муҳокама қилди.
"Пахтамаш" ва "Туркманпахта" компаниялари ўртасида пахта саноати ускуналари етказиб бериш масалалари, "KCT" ва "ALFA LINE" компаниялари билан "Туркменхимия" ўртасида кимёвий маҳсулотлар савдоси бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистоннинг ушбу кўргазмадаги фаол иштироки миллий экспорт салоҳиятимизни янада кенг намоён этишга ҳамда истиқболли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди
АДПИ педагоглари Қирғиз–ўзбек халқаро университети фаолияти билан танишди
Марказий Осиё давлатлари коррупцияга қарши курашда минтақавий ҳамкорликни кучайтирмоқда